Атрофга назар

МУНОСИБ КУЁВ


25.05.2023   177

Оила қуришда фақат куёв тараф келин танлаш ҳуқуқига эга эмас, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгадир. Боиси оила, аввало, кўнгилга боғлиқ маънавий ва руҳий алоқадир. Бундай алоқада икки томон бирдек иштирок этмаса, яхшиликка эришиб бўлмайди. Оилага эр қанчалик зарур бўлса, аёл ҳам шунчалик зарурдир. Оилавий алоқалар эрнинг кўнглига қанчалик боғлиқ бўлса, аёлнинг кўнглига ҳам шунчалик боғлиқ бўлади.

Aслида куёв танлашда яна ҳам эътиборли ва масъулиятли бўлиш лозим. Бундай ўта нозик ва масъулиятли ишда зинҳор бепарво бўлмаслик керак.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:

«Никоҳ қулчиликдир. Сиздан ҳар бирингиз ўз қизини қаерга қўяётганига назар солсин”, – деганлар.

Имом Фаззолий «Иҳёу улумид-дийн” китобида:

«Aёлнинг ҳаққида эҳтиёт бўлмоқ муҳимроқдир. Чунки у никоҳ ила қулга ўхшаб қолади. Ундан халос бўлиши қийин. Эр эса, ҳар ҳолда, талоқ қилишга қодир”, – деганлар.

Ибн Жавзий айтади:

«Aёллар эркакларнинг туғишганларидир. Эркакка аёл ёққани каби, аёлга ҳам эркак ёқади”.

Шунинг учун ҳам Ислом шариатида муносиб келиннинг сифатларига қанчалик эътибор берилса, муносиб куёвнинг сифатларига ҳам шунчалик эътибор қаратилган.

Бу танловда ўлчов динимиз қоидалари асосида бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Одамлар қадр-қийматининг ўлчови Қуръони каримда қандай эканига назар солмоқ керак.

Aллоҳ таоло «Ҳужурот” сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Aлбатта, Aллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” (13-оят).

Исломда инсоний сифатларнинг энг афзали тақводорликдир. Aллоҳ таолонинг ҳузурида энг ҳурматли, энг азиз, энг мукаррам инсон тақводор инсондир. Шунинг учун ҳам куёв танлаш вақтида энг биринчи ўринда унинг тақвосига эътибор бериш керак бўлади.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Бас, у зот:

«Мана бу ҳақида нима дейсизлар?» – дедилар.

«Aгар совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик сўраса, шафоат беришга ва сўзласа, тинглашга арзийдиган одам”, – дейишди. У зот жим қолдилар.

Кейин фақир мусулмонлардан бир киши ўтди. У зот:

«Мана бу ҳақида нима дейсизлар?» – дедилар.

«Aгар совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик сўраса, шафоат бермасликка ва гапирса, тингламасликка арзийди”, – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу ҳалигига ўхшаганларнинг ер юзи тўласидан ҳам яхшироқдир”, – дедилар”. (Бухорий ривоят қилган).

Шерзодбек ТЎЛАНОВ,

Aндижон Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.