Андижонда

Мурожаатнома – янги меҳнат бозори ва таълим имкониятлари гарови


16.01.2026   218

Худди шу мавзуда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Мурожаатнома мамлакатнинг яқин истиқболдаги тараққиёт стратегиясини белгилаб берди. 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар марказида – инсон капиталини ривожлантириш, ички талабни ошириш орқали барқарор иш ўринлари яратиш, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш каби муҳим масалалар турганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Мурожаатномада қайд этилганидек, 2026 йилда 1 млн дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим эълон қилиниб, эндиликда асосий эътибор фақат иш билан таъминлаш эмас, балки юқори даромадли ва барқарор иш ўринларини яратишга қаратилиши таъкидланди.

Бу борада инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат томонидан алоҳида “Инновацион бандлик” жамғармаси маблағларини йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Кам таъминланган аёлларни иш билан таъминлаган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари пакети кенгайтирилиб, уларга давлат мулкидан ижара тўловларисиз жой бериш амалиёти кучайтирилиши белгиланмоқда.

Тадбирда Давлат раҳбари Мурожаатномасида билдирилганидек, “таълим сифати – бандлик кафолати” тамойили асосида 2026 йилдан бошлаб касб-ҳунарга ўқитиш тизими меҳнат бозорининг реал талабларига мослаштирилиши масалаларига эътибор қаратилди.

Айниқса, рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида, чекка ҳудудлардаги қизлар учун “Digital-Lady” дастури ишга туширилиши, бунда уларга масофавий хизматлар орқали жаҳон бозорига чиқиш ўргатилишига урғу берилди.

Шунингдек, Мономарказларда хорижий экспертлар иштирокида саноатнинг юқори технологик йўналишлари (робототехника, муқобил энергия манбаларига хизмат кўрсатиш) бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши, дуал таълимни янада оммалаштириш мақсадида профессионал таълим муассасаларининг 70 фоиздан ортиғини дуал тизимга ўтказилиши белгиланган.

Мурожаатномага кўра, ёшлар билими дунё тан оладиган даражада бўлиши учун таълим стандартлари халқаро миқёсга кўтарилади. Бунда халқаро касбий сертификат олган ёшларнинг ўқиш харажатлари тўлиқ давлат томонидан қопланиб берилади.

Давра суҳбатида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, иқтисодиётнинг драйвер соҳалари учун кадр тайёрлайдиган факультетларда “Рағбатлантирувчи стипендия” жорий этилиши, юқори рейтингга эга талабалар базавий стипендиянинг 2 баравари миқдорида маблағ олишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Сўзга чиққанлар томонидан Давлат раҳбарининг Мурожаатномаси – бу ёшлар ва хотин-қизлар учун эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч кафолати ва амалий ҳаракат дастури экани, унда белгиланган муҳим ва устувор вазифаларнинг амалга оширилиши келгусида ишсизлик даражасини кескин камайтириш ва аҳоли даромадлари барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.