МУРУВВАТЛИ КУН МУНАВВАРДИР
29.03.2022 630
Халқимиз – саховатпеша, одамларимиз мурувватли. Айниқса, меҳр-оқибат, қадр-қиммат айёмларига бой баҳор фаслида беморларни йўқлаш, кўмакка муҳтожларга ёрдам бериш, кексаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан кўпроқ чоғланамиз.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви фаоллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакиллари ҳузурида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйида яшаётганлар билан бўлган мулоқотлардан ҳам кўнгиллар равшан тортди.
“Темир дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг 80 нафарига зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ётоқхона учун чойшаблар тўплами тарқатилди.
Фондининг вилоят бошқаруви ҳамда Андижон шаҳар бўлинмаси томонидан Яхши, Қаландархона ҳамда Ал Бухорий номли маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг жами 17 нафар ўғил фарзандлари учун ташкил этилган суннат тўйлари ихчам ва файзли ўтди. Тўй болаларга тўёна сифатида велосипедлар, турли совға- саломлар тарқатилди.
Гулжаҳон ЖАББОРОВА.
