“НАВНИҲОЛ”ДА ҚЎШАЛОҚ ШОДИЁНА
22.03.2022 720
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши уни интиқ кутган кўнгилларга ажиб завқу шавқ улашяпти. Севимли юртимизнинг ҳар гўшасида кўклам шукуҳи кезмоқда.
Бағрикенг, меҳмондўст халқимизда азалдан байрамлар, шодиёна кунларда совға-салом, туҳфа улашиш одати бор. Истиқлол шарофати билан кўкламнинг суюкли айёми кунларида янги бино ва иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши анъана тусини олди ва бу байрам жозибасини янада оширмоқда. Қувонарлиси, бу гўзал анъана жорий йилда ҳам давом эттириляпти.




Жумладан, Пахтаобод туманининг "Навниҳол" маҳалласи аҳли учун Наврўз қўшалоқ шодиёнага айланди. Очилиш маросимда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Ардоқли айём арафасида 24-давлат мактабгача таьлим ташкилоти тантанали равишда фойдаланишга топширилди. 160 ўринли кичкинтойлар маскани реконструкция қилиниб, 300 нафардан ортиқ болажонни бағрига олиши таъминланди. Қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларига маҳаллий бюджетдан 7 млрд 500 млн сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
- Наврўзга зўр тўёна бўлди, - деди йиғилганлар. - Эртамиз эгалари учун қилинаётган бундай ғамхўрликлар барчамизни қувонтиради. Наврўзнинг ташрифи, қадами ҳамиша қутлуғ келаверсин. Эзгу ишга қўл урган мутасаддилар, бунёдкорларга раҳмат!
“Andijonnoma. uz” онлайн гуруҳи.
