Андижонда

НАВОИЙЛИК МУТАХАССИСЛАР АНДИЖОН ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНДИ


23.01.2022   250

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Навоий вилояти ҳокимлиги вакиллари, тадбиркорлар ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассислари Андижон вилоятида бўлди.

Навоийлик меҳмонлар вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, хонадонларда томорқадан унумли фойдаланиш, кўчат етиштириш, питомниклар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан яқиндан танишди.
Дастлаб меҳмонлар Избоскан тумани Гулистон маҳалласида кўчат етиштириш билан шуғулланувчи хонадонлар, тадбиркорлар фаолиятини ўрганди. Ўрганиш ва мулоқотлар жараёнида икки вилоят ўртасида кўчат етиштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, Навоий вилоятига мева кўчатлари етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.

«Яшил макон» лойиҳаси доирасида Андижон шаҳридаги «Эко-парк»да ҳамда «Янги Андижон шаҳри»да амалга оширилаётган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Хонобод шаҳридаги аҳоли хонадонларида қимматбаҳо манзарали кўчат навларини етиштириш, питомниклар яратиш борасидаги илғор тажрибалар, шунингдек, шаҳарнинг энг хушманзара ҳудудида барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон денгизи»нинг қурилиш жараёни ҳамда мазкур сунъий кўл ҳавзаси ёнида ташкил этилаётган боғда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

– Хонобод шаҳрида олиб борилаётган ишларга, очиғи ҳавасимиз келди, - дейди Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари Х.Бақоев. – Андижон тажрибаси, бу ерда ўрганганларимиздан фойдаланиб, Навоийда ҳам чиройли ва кўркам боғлар яратишни мақсад қилдик. Умуман, Андижонга сафаримиз жуда фойдали бўлди.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА