Андижонда

НАВРЎЗ БАЙРАМИ ШОДИЁНАЛАРИ АНДИЖОНЛИКЛАР ҚАЛБИДА ВАТАНГА МУҲАББАТ, ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ ТУЙҒУЛАРИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАДИ


20.03.2023   670

Баҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли, шарқона янги йилнинг бошланиши бўлган Наврўзи оламни баланд руҳ ва катта шодиёна билан нишонлаш азал-азалдан эл-юртимиз учун гўзал анъана ҳисобланади.

Халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятларини, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча юртдошларимиз учун умумхалқ байрамига айланди.

Наврўзи оламнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яхшилик ва бағрикенглик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш каби олижаноб ғоялар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларнинг мақсад ва мазмунига тўла ҳамоҳангдир.

Бугунги кунда жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, дўстлик ва биродарлик туйғуларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодимиз қалби ва онгида Ватанимизнинг бугуни ва келажагига дахлдорлик туйғусини кучайтиришда Наврўз байрамининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Бу йилги Наврўз умумхалқ байрами Ўзбекистон Швейцарияси дея ном олган Андижоннинг Хонобод шаҳрида ўзгача руҳ, шодиёна билан бошланди.

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий либосдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, байрам шодиёналарига чорлади.

Хонобод шаҳрининг марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳар галгидан кўра бугун гавжум.

Наврўз сайли каттаю кичик жамлигида, шоду хуррамликда катта тантана қилинди.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновиштирок этиб, барчани байрам билан қутлади.

Хонобод табиатининг гўзал манзараси, ўтказилаётган Наврўзи олам тадбирлари барчага хуш кайфият улашди.

“Палов тайёрлаш”, полвонлар беллашуви, спорт мусобақалари, ўзбек, қирғиз ва бошқа турли миллатларнинг миллий, баҳорий таомлари кўргазмалари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Сумалак, кўк сомса, чучвара сингари баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, спортчилар, жажжи болажонларнинг чиқишлари, байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

Юқори кўтаринкилик билан ўтган Наврўз байрами шодиёналари андижонликлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, ўзликни англаш, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Наврўз байрами шодиёналари Андижоннинг барча шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоалари, маҳаллаларида кўтаринкилик билан давом этмоқда.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи.