НИЗО КЕЛИБ ЧИҚИШИГА АСОС БЎЛГАН САБАБЛАРНИ АНИҚЛАШ – ДОИМО КУН ТАРТИБИДА
20.01.2022 589
Андижон вилояти судлари томонидан 2021 йилдавомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликка ва оммавий низоларга доир, шунингдек, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан кўриб чиқилган ишлар, одил судловни амалга ошириш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолият юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Вилоят суди раисининг ўринбосари,жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Фарҳоджон Ғаниевнинг қайд этишича, ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 3 минг 804 нафар шахсга нисбатан 2 минг 727 та жиноят иши юзасидан айблов ҳукми чиқарилган. Шунингдек, судларда жами 15 нафар шахсоқланган.


Сўз бораётганмуддатда 964 нафар шахсга нисбатан 915 та иш тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ва 44 нафар шахсга нисбатан 33 таси эса бошқа асосларга кўра тугатилган.Тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган ишлар асосан Андижон шаҳар, Андижон, Асака, Балиқчи, Избоскан, Шаҳрихон туман судларига тўғри келмоқда.
Яна бир жиҳат: зикр этилаётган муддатда судлар томонидан 431 нафар шахслар суд залидан озод қилинган бўлса, 250 нафар шахслар суд залидан қамоққа олинган.
Жамиятнинг оғриқли нуқтаси ҳисобланган оилавий ажримлар масаласида ҳам аянчли ҳолат кўзга ташланмоқда. Яъники ҳисобот даврида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ даъволар сони аввалги йилга нисбатан 833 тага ортган. Хусусан, йил давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан айни турдаги 2 минг 536 та даъво қаноатлантирилган.
Мазкур рақамлардан келиб чиқиб,судлар томонидан оилани сақлаб қолиш борасида профилактик тадбирлар ўтказиш доимо кун тартибида.
Шунингдек, олдинги йилга нисбатан қарз ҳамда кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ низолар ҳам кўпайган.
“Таҳлиллардан келиб чиқиб, фуқаролик ишларининг кўпайган тоифалари юзасидан умумлаштиришлар ўтказиш йўли билан низо келиб чиқишига асос бўлган сабабларни аниқлаш ҳамда аҳоли ўртасида уларнинг ҳуқуқларини тушунтиришга доир оғзаки ҳуқуқий тарғибот ишларни амалга ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларни кўпайтириш орқали низоларни судга қадар ҳал этишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда”, - дейди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Жасуриддин Абдусаттаров.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “@suduzbot” телеграм бот канали ўзини иш фаолиятини бошлаган бўлиб, мазкур платформа орқали фақат ишларни ўз вақтида, тўғри кўриш ва ҳал этиш, ишлар кўрилишини асоссиз чўзилишига барҳам бериш, фуқароларни ортиқча сансалорликка йўл қўймаслик, судлар фаолиятидаги бюрократия ва коррупция ҳолатларини олдини олиш билан боғлиқ мурожаатлар қабул қилинади.Ушбу бот орқаликелиб тушаётган мурожаатларни қисқа муддатларда ижобий ҳал этишга эришилмоқда.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА.
