Атрофга назар

НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИГА ТАБИИЙ ГАЗ УЧУН КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛАНАДИ


19.07.2022   301

Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги 322-сонли қарори билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб оилавий боғчаларга қуйидаги енгиллик ва қулайликлар берилади.

Биринчиси, оилавий боғчаларга қатнаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ва махсус контингентлар сони жами тарбияланувчилар сонининг 70 фоизидан кам бўлган тақдирда, етмаган қисмига бошқа оилаларнинг болаларини қабул қилишга рухсат этилади.

Бунда, ушбу болалар учун ота-оналар тўлови шу жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорда ўрнатилади.

Иккинчиси, оилавий боғчаларга тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчи лавозимлари учун 4,5 тагача штат бирлигини ажратишга рухсат этилади.

Бунда, тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчиларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи харажатларини қоплаш учун субсидия ҳақиқатда банд қилинган, лекин 4,5 тадан (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — 2,25 тадан) кўп бўлмаган штат бирлигидан келиб чиқиб тўланади.

Учинчиси, тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчиларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи харажатларини қоплаш учун субсидия жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқа ажратмалар ушлангандан сўнг, тўғридан-тўғри ушбу ходимларнинг пластик картасига ўтказиб берилади.

Тўртинчиси, оилавий боғча фаолиятини бошлаш учун соғлиқни сақлаш органлари билан мажбурий равишда тарбияланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга оид шартнома тузиш тартиби бекор қилинади.

Бешинчиси, Давлат бюджетидан тўланадиган субсидия ва компенсациялар миқдорини ҳисоблашда боғчага қатнаётган 3 ёш ва ундан катта ёшдаги (боқувчисини йўқотган аёлларнинг 2 ёш ва ундан катта ёшдаги), лекин 7 йил 8 ойдан катта бўлмаган ёшдаги тарбияланувчилар ҳисобга олинади (ДХШларга ҳам тегишли);

Олтинчиси, ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаган ҳолда 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилади (ДХШларга ҳам тегишли).

Бунда 3 ёшга тўлмаган болаларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилмайди (боқувчисини йўқотган аёлларнинг 2-3 ёшдаги фарзандлари бундан мустасно);

Еттинчиси, табиий газ учун компенсация марказлашган табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган, лекин иситишнинг бошқа турларидан, шу жумладан суюлтирилган газ ёки кўмир маҳсулотларидан фойдаланаётган давлат-хусусий шериклик асосидаги ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳам тўланади (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бундан мустасно).