Андижонда

НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ: ТАШАББУС ВА САМАРАДОРЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМАДА


28.07.2023   160

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида анна шу мавзу кун тартибига қўйилди. Бугун Андижонда 578 нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ижтимоий шериклик асосида давлат идоралари билан ҳамкорликда мавжуд муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш, бартараф этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб бориляпти.

Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида вилоятдаги жамоат ташкилотларининг 5 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаси 460 миллион сўмга молиялаштирилди. Шунингдек, давра суҳбатида “Аграр соҳа аёллар уюшмаси” Андижон вилояти бўлими томонидан хорижий грант доирасида амалга оширилган лойиҳа тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, хорижий донор ташкилотлари билан ишлашнинг муҳим жиҳатлари, талаблари, миллий қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий меъёрлар ҳақида тажриба алмашилди.

Тадбир давомида жамоат ташкилотларининг ислоҳотлар жараёнларидаги фаол иштирокини таъминлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ижтимоий шериклик механизмларини янада такомиллаштириш, жойларда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.