Андижонда

«Нодирабегим» боғи: АНДИЖОНЛИКЛАР УЧУН ҚАНДАЙ ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛМОҚДА?


03.10.2022   480

Айни кунда Андижон шаҳри, Университет кўчасида жойлашган “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғида улкан бунёдкорлик, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Андижон шаҳар ҳокимининг 2014 йил 24 апрелдаги 240-Қ сонли қароирига асосан Ўзбекистон маҳалла ва хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси тасарруфида бўлган мазкур боғ шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими тасарруфига берилган.

Ўтган давр давомида бу ердаги қаровсизлик сезиларли равишда ортгани барчага маълум. Айрим сабабларга кўра бир муддат ушбу масканда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари барибир чала қолаверган.

Бугунга келиб, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан “Нодирабегим” маданият ва истироҳат боғида бунёдкорлик тадбирлари бошлаб юборилган. Масканнинг мутлақо янги замонавий қиёфа акс этишини таъминлаш, боғ ичига дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотлар қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини такомиллаштириш каби масъулиятли вазифалар ижроси Анджон шаҳар ҳокимлиги ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар зиммасига юклатилган.

Ҳозирда 160595,11 квадрат метр майдонга эга боғ ҳудудида йўқолаёзган кўл ҳавзасини қайта тиклаш, чўмилиш ҳавзаси, югуриш майдончаси, савдо дўконлари, музқаймоқ ва салқин ичимликлар истеъмоли учун дам олиш маскани каби юртдошларимизнинг дам олишлари ва маданий ҳордиқ чиқаришлари учун истироҳат жойлари қад кўтариши режалаштирилган.

Шунингдек, Хитой давлатидан турли аттракционлар олиб келиб ўрнатилиши кўзда тутилган.

Зилола РАҲМОНОВА,

Хурсандбек АРАББОЕВ

олган суратлар.