Андижонда

Ногиронлар манфаати давлат ва жамият эътиборида


17.02.2026   102

2026 йил 17 февраль куни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ва Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг вилоят ҳудудий бўлинмалари томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Р. Арзиев, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибият мудири Н. Тойчиева, Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси М. Султонова, вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари, ЎзННТМА, “Юксалиш” Ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмалари, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари, маҳаллий ННТ ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди субсидия маблағлари доирасида ўтказилган тадбирнинг асосий мақсади –вилоятдаги ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари фаолият самарадорлигини ошириш ва янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ногиронларга янада тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида миллий, минтақавий ва халқаро даражадаги стратегия, режа ва дастурлар ишлаб чиқилиб, уларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар умумий аҳолининг тахминан 2,7 фоизини ташкил этаётган бўлса, вилоятда уларнинг сони 80 минг нафарга етган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелдаги ПҚ-230-сон қарори билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларининг ҳудудий бўлинмаларига давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилган ва бу борада ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилган.

Хусусан, 2025 йилда вилоятда фаолият юритаётган 4 та – Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, ногиронлар, кўзи ожизлар ва карлар жамиятлари вилоят, шаҳар ҳамда туман бўлинмаларини қўллаб-қувватлаш учун давлат субсидияси шаклида жами 4,7 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Семинарда иштирокчиларнинг асосий эътибори Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди талабидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари фаолияти ишчи гуруҳ тартибида ўрганилиши, бунда давлат субсидия маблағлари мақсадлилиги баҳоланиши ва Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида мунтазам равишда муҳокама этиб борилишига қаратилди.

Тадбир якунида ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни фаоллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини изчил ҳимоя қилиш ҳамда бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган аниқ таклиф ва амалий тавсиялар илгари сурилиб, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.