Атрофга назар

Номоддий маданий мерос — миллат тафаккури ёдгоридир


03.06.2025   60

(Рўйхатга киритиш ва чиқариш тартибига ойдинлик киритилди)

Юртимизда моддий бойликлар билан бир қаторда, номоддий маданий мерос — яъни халқимизнинг маънавий дунёқараши, қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналари ҳам алоҳида эътиборга олинмоқда. Чунки айнан шу бебаҳо бойликлар миллатнинг юзи, руҳи ва қалбини ифода этади.

Жорий йилнинг 24 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг 256-сонли қарори билан “Номоддий маданий мерос намуналарини рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш” тартибини белгилайдиган маъмурий регламент тасдиқланди. Бу муҳим ҳужжат соҳадаги ишларни янада тизимли ва шаффоф йўлга қўйишга хизмат қилади.

Энди жараён қандай амалга оширилади?

Фуқаролар ва ташкилотлар ўзларига маълум бўлган номоддий маданий мерос намуналарини рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш юзасидан расмий мурожаат қилишлари мумкин. Бу хизматни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиш мумкин.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти мазкур жараёнда ваколатли орган ҳисобланади. Ушбу институт томонидан номоддий мерос намуналарининг:

• миллий рўйхатга киритилиши ёки ундан чиқарилиши илмий-методик кенгаш томонидан,

• маҳаллий рўйхат бўйича эса экспертлар гуруҳи томонидан кўриб чиқилади.

Ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва натижалари бўйича расмий маълумотнома тақдим этилади. Ушбу хизматлар учун ҳеч қандай тўлов ундирилмаслиги эса фуқароларга қўшимча қулайлик яратади.

Нега бу муҳим?

Номоддий маданий мерос — халқнинг тарихи, тафаккури ва бадиий дунёқарашини ўз ичига олган бойликдир. Уни сақлаш, аниқлаш ва рўйхатга олиш нафақат бугунги, балки эртанги авлод учун ҳам жуда муҳим вазифа ҳисобланади.

Шундай экан, ҳудудлардаги фаол фуқаролар, маданият арбоблари, маҳалла вакиллари, олимлар ва тадқиқотчилар ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, халқимизга хос ноёб анъана ва қадриятларни расмий рўйхатларга киритишга ҳисса қўшишлари даркор.

Шохбоз АЛИЕВ.

Андижон шаҳар адлия бўлими давлат хизматлари маркази бош мутахассиси