Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда кимлар давлат божи тўламайди?

16.09.2025 14
“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга асосан нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод этилади:
1) шахслар — давлат пенсиялари ва нафақаларини олиш учун зарур бўлган, шунингдек васийлик қилиш ва фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар юзасидан ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари тўғрилигини уларга тасдиқлаб берганлик учун;
2) шахслар — мол-мулкини давлат фойдасига, шунингдек юридик шахслар фойдасига ҳадя қилиш тўғрисидаги васиятномалари ва шартномаларини тасдиқлаганлик учун;
3) давлат солиқ хизмати органлари ва молия органлари — уларга давлатнинг меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни (гувоҳномаларнинг дубликатини) берганлик;
4) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча нотариал ҳаракатлар бўйича;
6) шахслар — пенсиялар ва нафақалар олиш учун ишончномани тасдиқлатганлик учун;
7) оналар — кўп болалик учун уларга орденлар ва медаллар берилганлиги ҳақидаги ишлар бўйича ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаб берганлик учун;
8) мактаб-интернатлар — фарзандларининг мактаб-интернатдаги таъминоти учун ота-оналардан қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун;
9) ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этиш ва ҳалок бўлиш ҳодисасига корхоналар ва ташкилотлар ҳисобидан суғурта қилинган жисмоний шахсларнинг меросхўрлари — суғурта пулига ворислик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берганлик учун;
10) сурункали руҳий касалликка чалинган, қонунчиликда белгиланган тартибда васийлик белгиланган шахслар — мол-мулкка ворислик қилишлари тўғрисида гувоҳнома олганликлари учун;
11) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари — ходимларни ташкилий йўсинда ишга қабул қилиш тартибида тузиладиган меҳнат шартномаларини тасдиқлаганлик учун;
12) 1941 — 1945-йиллардаги уруш ногиронлари, 1941 — 1945-йиллардаги уруш фронтларида яраланган шахслар ва 1941 — 1945-йиллардаги уруш фронтларида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган шахсларнинг оила аъзолари, 1941 — 1945-йиллардаги уруш қатнашчилари ҳамда Ватанни ҳимоя қилишда ва Совет Армиясида ўз хизмат бурчини ўтаётганда яраланган шахслар, Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини ўтаган шахслар, шунингдек 1986 — 1987 йилларда Чернобил АЭСининг заҳарланган минтақаси доирасида авария оқибатларини тугатишда иштирок этган шахслар;
13) шахслар — уларга йўловчиларнинг мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта суммаларига ҳамда фуқароларга қарашли мол-мулкнинг мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта товони суммалари бўйича мерэосга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
14) фермер хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар — уларга фермер хўжалигининг мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
15) юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар — уларга деҳқон хўжалиги мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
16) етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар — улар учун давлат томонидан иккиламчи бозордан олинган уй-жой уларнинг номига расмийлаштириб берилганлиги учун.
Мазкур рўйхатда келтирилган сабаблар кўрсатилган фуқаролар нотариал ҳаракатларни амалга оширишда давлат божи тўлашдан озод этиладилар.
Нодирбек РАСУЛОВ,
Андижон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус