ОАВ фаолияти ҳамиша долзарб

22.08.2025 199
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, кучли ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда ОАВ эркин фаолият юритиши учун мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал замин яратиш вазифаси турмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда очиқ фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилингани, жумладан, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар соҳанинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилаётир.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остидаги “Мустақиллик йилларида очиқ фуқаролик жамияти ва ОАВ фаолиятини янада ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари” мавзусидаги давра суҳбатида айни масалалар хусусида сўз борди. Чунончи, истиқлол йилларида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини шакллантириш ва ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил қилиш, Янги Ўзбекистон шароитида уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама этиш, ушбу соҳада аниқ таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан фикрлар алмашилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди субсидия маблағлари доирасида вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда вилоят адлия бошқармаси, маҳаллий ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари раҳбарлари, фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
- Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, бирлашиш эркинлиги каби тамойилларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиб берди, - дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Адҳамжон Узоқжонов. - Бугунги кунда вилоятимиздаги 600 дан зиёд ННТлар ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида – аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан тортиб, экологик муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашгача бўлган кенг йўналишларда фаол иштирок этмоқдалар.
Давра суҳбати иштирокчиларининг эътибори фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ислоҳотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда намоён бўлаётганига қаратилди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий иш олиб борилаётгани, ОАВ вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштириш, давлат органларининг матбуот хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ННТлар учун давлат гранти ва ижтимоий буюртмалар ажратиш жараёнлари очиқлигини таъминлаш каби масалалар доимий эътибор марказида бўлаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган аниқ таклиф ва амалий тавсиялар илгари сурилиб, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Зилола РАҲМОНОВА