Обод манзиллар: БАЛИҚЧИ БАХТДАН БАҲРАМАНД

18.02.2025 387
Янгиланаётган Сарновул
Мавлудахон Жўраева Балиқчининг Сарновул маҳалласидан. Тиниб-тинчимайдиган, меҳнатдан завқ оладиган уй бекаси. Каттагина томорқаси йил бўйи бўш турмайди: картошканинг ҳосилини йиғиб олиб, помидор-бодрингни парваришлайди, сабзию пиёз, кўкатларни ҳам ўзи етиштириб, рўзғорини бутлайди. Хорижда меҳнат қилаётган турмуш ўртоғига уч фарзанди билан шу тариқа елкадош бўлишга ҳаракат қилади.
“Обод қишлоқ” Давлат дастурига кирган Сарновулда бугун хайрли ишлар қизғин. “Турон” банк томонидан 300 та хонадонга қуриб берилган иссиқхоналар ва тарқатилган 6 минг туп лимон кўчатлари, айниқса, оилаларнинг даромадга киришларига муносиб пиллапоя вазифасини ўташи тайин. Мавлудахон Жўраева ҳам ана шундай фуқаролардан. Мазкур ишлар бошланишидан олдин уйга қайтган турмуш ўртоғи томорқасининг бир сотихида қад ростлаган иссиқхонада 14 туп лимон кўчати парвариши билан банд. Ниҳоллар орасига совуққа чидамли булғор қалампири экилмоқда.
Томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида иссиқхона, узум сўритоклар қуриш бўйича ишлар жадал олиб борилаяпти. Манзил асосан деҳқончилик, узумчилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Ўрдакчилик бу ҳудуд учун бир қадар янги йўналиш бўлишига қарамай, фуқаролар бу ишга ҳам астойдил қўл урдилар. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича бошланган тадбирлар маҳалладаги мавжуд фермер хўжалиги ҳудудларидаги ариқ ва зовурлардан самарали фойдаланиб ўрдак боқиш ҳамда дала четларига мевали ва қурилишбоп дарахт кўчатларини экиш юмушларида ўз аксини топмоқда. Бунинг учун зовур ёқаларисимтўр билан ўралмоқда. Бу эса аҳоли учун қўшимча даромад манбаи бўлади.
Яна бир кўзни қувнатадиган манзара. Маҳалла кўчаларига узум етиштириш учун ишкомлар барпо этилаётгани ҳудуд кўркига кўрк қўшаётир. Ишкомларнинг узунлиги салкам икки километр. Яъни, маҳалланинг у бошидан бу бошигача. Ва шунча масофада узумнинг Аватар навини етиштириш режаланган.
Дарвоқе, эскирган симёғочлар темир бетон таянчларга алмаштирилмоқда. 23 дона темир бетон таянч олиб келиниб, Чинобод электр тармоқлари корхонаси мухандислари томонидан ўрнатиш ишлари якунланиш арафасида.
Экспорт учун спорт анжомлари ишлаб чиқарилади
Маҳалланинг Маслаҳат кўчасидаги қаровсиз турган 1, 4 гектар майдонда бугун қурилиш ишлари авжида. Бу ерда спорт жиҳоз ва анжомлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона бунёд этиляпти. Лойиҳа қиймати 13 миллиард сўм бўлган мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати 300 минг донани ташкил қилиши режалаштирилган. Архитектор Сарвар Охуновнинг айтишича, сандвич панелда барпо этилаётган корхонанинг март ойида фаолиятини бошлаши кўзда тутилган.
Корхонада 200 та янги иш ўрни яратилади. Айни кунларда қурилиш монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилаяпти.
Кичик саноат зонасида нима гаплар?
Акмалжон Абдураззоқов бир неча йилдан буён якка тартибдаги тадбиркор. Айни вақтда “Диёрахон келажак орзуси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари. Бизнес лойиҳаси, таклифлари туман мутасаддилари эътиборидан четда қолмади. Ёшлар кичик саноат зонасидан ажратилган 7 сотихли майдонда бунёд этилган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цеҳида бугун 20 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланган. “Бизнесни ривожлантириш банки”дан олинган 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи фаолият ривожига хизмат қилди.
-Дастлаб ишни оилавий бошлаганмиз, - дейди тадбиркор. – Кейинроқ фаолиятимизни кенгайтириш мақсади туғилди. Тикув машиналаримизни кўпайтириб, маҳалладаги уй бекаларини жалб қилдик. Ҳозирда эса мана шу жойда 10 турдаги трикотаж маҳсулотларини ички бозорга еткакзиб беряпмиз. Харидорларимиз сафи кенгаяётганидан мамнунмиз.
****
Азамат Қўшматов ҳам ўз тадбиркорлигини 2010 йилда яшаш хонадонида бошлаган. Ойна кесиш, ойнага қайта ишлов бериш ишларига қизиққанида хали бола эди. Шогирдликдан бугун устоз даражасига кўтарилди.
2024 йилда “Динора Мубина биллур ойналари” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, фаолиятини янада кенгайтирди. Ажратилган 8 сотих майдонда қурилган шинам цеҳда олти нафар йигитнинг бандлиги таъминланган. Хитой Халқ Республикасидан замонавий ускуна ва технологиялар олиб келинган. Улар ёрдамида ойналар замонавий ва бежирим, кўркли қилиб тайёрланмоқда.
****
Ўтган йилда ушбу манзилда иш бошлаган Иброҳим Абдураззақов ҳам иқтидорли ёшлардан. 2018 йилда бизнес муҳитига дадил қадамлар билан кириб келган йигит бугун “Med tex house” масъулияти чекланган жамияти раҳбари.
-18 нафар қиз-аёллар бичув, бикув, қадоқлаш ишлари билан банд, - дейди И. Абдураззоқов. – 60 хил турдаги аёллар либосларини ички бозорга қулай нархларда етказиб беряпмиз. Экспорт учун дастлабки таклифлардан қувондик. Насиб бўлса, албатта, имконият даражасида хорижлик ҳамкорлар билан битим тузиш ниятидамиз.
Астойдил истакнинг қаноти кенг бўлишига ишонамиз.
****
Исмоилжон Имомовга қарашли масъулияти чекланган жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган қандолат маҳсулотлари оғизда эрийди. Оилавий бошланган иш айни пайтда анча кенгайган. 7 сотихдан иборат ерда барпо бўлган цеҳда жараён авжида. Хитой давлатидан олиб келинган замонавий техника ва ускуналарда тайёрланаётган 5 турдаги печеньеларнинг харидори талай. “Микрокредитбанк”дан олинган молиявий кўмак самарасини бергани рост.
****
Эндигина 30 ёшни қаршилаган Нурбек Ҳолиқовнинг тадбиркорликни бошлаганига кўп вақт бўлмади. 2021 йилда Туркия давлатига ишлаш учун кетган йигит “ASE 1” номли каттагина корхонада фаолият бошлайди. Нурбекнинг тиришқоқлиги, изланувчанлиги, меҳнатдан қочмаслиги, ташаббускорлиги корхона раҳбари Февзи Айденга маъқул бўлади. Кўп бор бирга бўлган суҳбатлар уларнинг яқиндан танишишларига замин бўлди. Ана шундай суҳбатларнинг бирида андижонлик ишчининг таклифини Айден бажонидил қабул қилади.
Бугун фаолият юритиб тилга тушаётган “ASE 2” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси айни таклифнинг амалий жавобидир. Чин дилдан хоҳиш, эзгу ният, астойдил ҳаракат Нурбекни инвестор Февзи Айденнинг ҳамкорига айлантирди.
-Маҳаллий ускуналардан ташқари Туркиядан ҳам махсус техникаларни олиб келганмиз, - дейди тадбиркор. – 12 нафар ишчиларимиз соз-боғлама мусиқа асбобини тайёрлайдилар. Экспорт учун йўналтирилган лойиҳамиз муваффақиятли амалга ошаётганидан хурсандман.
****
- 2021 йилда туманимизнинг 4,1 гектар майдонида “Ёшлар кичик саноат зонаси” ташкил этилди, - дейди туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Дониёрбек Турғунов. – Шу йили 71 нафар ёш тадбиркорнинг бизнес лойиҳалари маъқулланиб, саноат зонасидаги фаолиятига рухсат берилган. Маълум сотихлардаги ерлар ажратилган ва ҳозирда тадбиркорлик объектлари қад ростлаган. Трикотаж ва текстиль маҳсулотлари, металлни қайта ишлаш ҳамда қурилиш материаллари, қандолатчилик, шунингдек, турли техник жиҳозлар ва мебель ишлаб чиқариш, ойнага ишлов бериш каби қатор йўналишлар фаолияти йўлга қўйилган.
Ўрганишларимиз чоғида яна бир хайрли тадбирнинг гувоҳи бўлдик. Вилоят ҳокими топшириғига асосан масъул мутасаддиларнинг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти айни манзилда ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Илхом Собиров, туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммолар, таклифларни тингладилар. Учрашувда бу ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг имтиёзли кредит ва бошқа мавзудаги масалалари ҳал этишга кўмаклашилди. Оққўрғон маҳалласидаги ёшлар саноат зонасида 71 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бугунги кунда уларнинг 50 таси фаолият бошлаган.
Мулоқот давомида бу кўрсаткични янада оширишга тўсиқ бўлаётган масалаларга ижобий ечим топиш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
****
Йўлдаги ҳаракат одамларни ўлдирмаслиги керак!
Бугун маҳаллаларни, кўчаларни инсонпарвар ва хавфсизроқ қилиш учун реал имконият бор. Ва бу имкониятни қўлдан бой бермаётган балиқчиликлар йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракат иштирокчилари учун қулай ва хавфсиз шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдалар. Транспорт воситаларини тротуарлардан, велосипед йўлкаларидан, яшил ҳудуд майдонларидан юргизишнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар қизғин.
- Йўлдаги ҳаракат одамларни ўлдирмаслиги керак!
Бугун маҳаллаларни, кўчаларни инсонпарвар ва хавфсизроқ қилиш учун реал имконият бор. Ва бу имкониятни қўлдан бой бермаётган балиқчиликлар йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракат иштирокчилари учун қулай ва хавфсиз шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдалар. Транспорт воситаларини тротуарлардан, велосипед йўлкаларидан, яшил ҳудуд майдонларидан юргизишнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар қизғин.
Пиёда ҳаракатнинг энг ҳимоясиз иштирокчисидир. Янада аниқроғи — ҳар биримиз асл моҳияти бўйича пиёдамиз. Ҳатто автомобилда ҳаракатлансак ҳам, барибир пиёда бўлиб қолаверамиз: тўхташ жойидан дўконга, уйга, ишга ва бошқа жойларга пиёда боришимиз керак-ку. Демак, йўл ҳаракати жараёнларида ҳар қандай ҳолатда хавфсизлик жуда зарур. Айнан шу мақсадда ҳайдовчилар ёки пиёдалар хатосини тўғрилашга мўлжалланган хавфсиз инфратузилма яратилмоқда.
Шунинг учун ҳам катта йўл ёқасида жойлашган Чинобод, Қияли, Тўда, Захкаш маҳаллаларида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 6 километр масофада қурилиш ишлари олиб борилаяпти. “Хавфсиз йўлак” қуриш зарурий эҳтиёжга айланган.
****
Шу кунларда Балиқчига бир келинг. Янгиланаётган туманнинг файзли қиёфасидан дилингиз яйрайди. Ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари завқ беради. Шағаллаштирилган ички тупроқ йўллар, тортилган тоза ичимлик сувлари, пиёдалар йўлакчаларию тунги ёритгичлар, янада яхшиланган электр энергияси, тадбиркорлигу ишбилармонлик... - буларнинг барчаси балиқчиликларнинг розилиги ва фаровонлиги йўлида олиб борилаётган эзгу ишлардир.