Андижонда

Обод манзиллар: Навбатдаги манзил - зулфиқор маҳалласи


30.05.2025   229

Вилояти ҳокимининг ташаббуси билан чекка маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш борасида ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, пировардида одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш бугуннинг далзарб вазифасига айланган. Эътиборли жиҳати шундаки, дастлаб айни шу ҳудуд одамларининг дарду ташвишлари, орзу-режалари обдон ўрганилиб, мутасаддилар билан ҳамкорликда тезкор ечимлар қилдирилмоқда. Бу галги манзил – Балиқчи туманининг Зулфиқор маҳалласи.

2 минг 300 нафар аҳоли, 394 та хонадон мавжуд бўлган мўъжазгина қишлоқда ўзига яраша муаммолар тўпланиб қолган экан. Шахсан вилоят ҳокимининг назорати остида Зулфиқор маҳалласини обод қилиш, коммунал инфратузилма - йўл, сув, электр тармоқлари соҳасини ривожлантириш вазифалари белгиланиб, ишлар бошлаб юборилди. Қисқа фурсатда кўчалар, мавжуд ижтимоий соҳа объектлари чирой очди.

Маҳаллада 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, умумтаълим мактабини янги ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, болалар учун мини стадион қуриш учун дастлабки ҳаракатлар бошланди.

6 километр масофадаги асосий кўчага асфальт қопламаси ётқизилди. Пиёдалар учун ҳавфсиз йўлаклар барпо этилди. Йўлнинг икки четида қад ростлаган сўритоклар кўчаларга файз бериши билан бирга ҳадемай қўшимча даромад манбаига айланади.

Шу кунгача қишлоқ аҳлининг 80 фоизигина ичимлик суви билан таъминланган эди. Айрим кўчаларда олис масофадан сув келтириб ичиларди. Бу ташфиш ҳам арийдиган бўлди.

–Таъминотни 100 фоизга етказамиз, – дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ директори Дилшодбек Қўлдошев. – Шу мақсадда 10,5 километр масофага қувур тортилиб, битта сув қудуғи ишга туширилди. Мавжуд битта қудуқда реконструкция жараёни охирлаб қолди.

Хонадонлар ичкарисига сув жўмраклари, сув ҳисоблагичларининг ўрнатилиши оби ҳаётни тежаш билан бирга истеъмол ҳаражатларини 4-5 баробарнга қисқартирмоқда.

Зулфиқорликларнинг яна бир ўткир муаммоси бор. Бу электр таъминотидаги узилишлар.

  • Куз-қиш мавсуми яқинлашиши билан юрагимизни ҳовучлаб турардик,- дейди шу қишлоқда яшовчи Ҳалимжон Жўраев. – Кунда кунора чироқ ўчиб, дилимизниям хуфтон қиларди.

Вилоят ҳокими, туман фаолларига раҳмат. 2 та трансформатор ўрнатиляпти. 100 та носоз ва яроқсиз ҳолга келган устунлар янгисига алмаштирилмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутасаддилари “Энди чироғингиз ўчмайди”, деб хизматларини кафолатлашяпти.

Аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, кексалар, болалар, туғруқ ёшидаги аёллар соғлигини назорат қилиш юзасидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди. Унда вилоят ихтисослаштирилган клиник шифохоналарнинг 27 турдаги тор соҳа мутахассислари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди. Бундан камбағаллик реестрида турувчи ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар оила-аъзолари учун сифатли тиббий хизматлар кўрсатишга алоҳида аҳамият қаратилди.

Зулфиқор маҳалласи хотин-қизлар фаоли Иродахон Абдуллаеванинг айтишича, маҳалладаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари одамларни ҳам фаолликка ундамоқда. Уйлар, кўчаларда ҳашарлар уюштирилиб, атроф саришта қилиняпти.

Томорқани даромад манбаига айлантирган Ҳалимахон Ўролова сингари ишбилармон бекалар эрта баҳордан то кеч кузгача очиқ ерда, кейин иссиқхонада сабзавоту барра ошкўкларни етиштиришади. Асалари, чорвадан доромад топаётганлар ҳам кам бўлмаяпти.

Ҳозирда зулфиқорликлар пилладан чилги ҳосилни йиғиб-териб олиш ишларига қизғин киришган. Пиллакорлар ҳар бир қути ипак қуртидан 60 кг га етказиб кумуш тола териб олишмоқда.

Тер тўкиб меҳнат қилган одам яхши ҳордиқ чиқаришни ҳам уддалаши керак. Қолаверса, мароқлисаёҳат дилга роҳатдир. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан зулфиқорлик 50 нафар ёшу кекса қадим Самарқанд шаҳрига бепул саёҳат қилиб келдилар.

Зулфиқор бугун катта қурилиш майдонига айланган. Бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда камбағалликдан фаровонлик сари бошловчи дастурлар ижрога йўналтирилган.

Андижоннинг обод бўлаётган олис манзилларини ёритишда давом этамиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.