ОБОДЛИКЛАРГА ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ ТУҲФАСИ
16.08.2022 543
Куни кеча Андижонда Мустақиллик тантаналари олдидан савдо ярмаркалари ташкил этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Байрам арафасида талаб ошишини инобатга олиб, расталарни маҳсулотлар билан тўлдириш, деҳқон бозорлари ва йирик савдо объектларида ярмаркалар ташкил этиб, уларга товарларни арзонлаштирилган нархларда етказиб бериш муҳим саналади.
Мустақиллик шодиёналари муносабати билан Андижон шаҳрининг аҳоли гавжум ва зич истиқомат қиладиган 16 та ҳудудида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мактаб ўқувчилари учун концелария ва керакли жиҳоз ва буюмларини етказиб бериш мақсадида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари иш бошлади.
Шунингдек, ҳудудга бириктирилган масъуллар ташаббуси ҳамда хомийлигида Андижон шаҳридаги Обод маҳалла фуқаролар йиғинидаги кам таъминланган ижтимоий кўмакка муҳтож 7 нафар оила фарзандларининг хатнатўйлари ўтказиб берилди.
Вилоят ҳокими томонидан тўйболаларнинг ҳар бирига бош-оёқ сарпо, велосипед каби турли совғалар туҳфа қилиниб, тўй дастурхони безатилди.
Байрамга ташриф буюрган соҳирнафас санъаткорларнинг куй-қўшиқлари эса иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
«andijonnoma.uz»гуруҳи.
