Атрофга назар

Оғир жиноятларга йўл очувчи иллат


09.09.2025   72

Безорилик жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади.

Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифланади.

Афсуски олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан ўғрилик жинояти учраб турибди. Мисоллар талайгина.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланган Холдар Эркиновга (судланувчининг исми шарифи ўзгартирилган) нисбатан бўлган жиноят иши кўриб чиқилди. Х.Эркинов муқаддам судланган бўлишига қарамасдан ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Ўғирлик яна домига тортган. Андижон шаҳридаги Гумбаз маҳалласида жойлашган Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг “оториналаринголог” бўлими 2-хонасига ғайриқонуний равишда кириб, мазкур жойда даволанаётган фуқаро З.Зокировга тегишли нархи 2 миллион 300 минг сўмлик “Самсунг А 34” русумли телефон аппаратини ўғирлаган. Иш “силлиқ” кечганига амин бўлгач, яна ўша муассасадан бошқа бир беморнинг нархи 1 миллион 300 минг сўмлик “Техно Спарк 20 С” русумли телефон аппаратини кўздан ғойиб қилган. Мазкур қилмишлари киши билмас давом этаверган. Кўза кунда эмас, кунида синади. Қўлга тушган жиноятчи суд олдида жавоб берди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида кўрсатилган тегишли моддалар билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Айбдор ўзига илгари берилган имкониятлардан оқилона фойдаланмаганлиги оқибатида оиласидан ажралган ҳолда, ҳаётининг энг гуллаган ёшлик даврини панжара орқасида ўтказадиган бўлди.

Хулоса ўрнида, барча жиноятлар, жумладан безорилик ва ўғирлик – оғир жиноятларга йўл очувчи иллат эканлигини такидлаган ҳолда, ёшларимиз давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб давлат ва жамият тараққиёти йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишини истар эдик.

Тўлкин ТЎРАҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар

суди тергов судьяси