Андижонда

Олтинкўл туманида ҳам газ қувурлари “Андижон тажрибаси”асосида тартибга келтирилмоқда


01.06.2025   206


“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан шаҳар ва туман марказлари, катта йўл бўйидаги газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилмоқда.Бунда авваллари ҳар бир маҳалла ёки ҳудуд учун тортилган ҳар хил ўлчамдаги газ қувурлари ягона тармоққа бирлаштирилмоқда. Айрим газ қувурлари қайта реконструкция қилиниб, ер устидан ер остига олинмоқда ёки жойлашуви бўйича эстетик жиҳатдан бир устунга ўрнатилиб, бўёқланмоқда. Барча тармоқларни ягона тармоққа бирлаштириш табиий газни иқтисод қилинишига катта ҳисса қўшади, Шунингдек, истеъмолчиларни хонадонига қадар бўлган масофага табиий газ босимини бир меъёрда келишини таъминлайди.


Бу борада Олтинкўл туманида ҳам шу кунга қадар бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Олтинкўл-1” автоматик газ тарқатиш шохобчасидан табиий газ билан таъминланувчи 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6 145 нафар истеъмолчининг тармоқлари ҳам ягона тармоқларга бирлаштирилди. Мазкур жараёнда 2.8 км газ қувурлари демонтаж қилинди.

“...Айни пайтда “Олтинкўл-2” АГТШ ҳудудидаги тармоқлар ва қўшқатор газ қувурлари демонтаж қилинмоқда, - дейди “Олтинкўлтумангаз” газ таъминоти бўлимининг газ таъминоти объектларидан самарали фойдаланиш бўлими устаси Салоҳиддин Раҳимов. 3.9 км қувурларни демонтаж қилиш режамизда бўлиб, айни кунгача 1.5 км қисмини демонтаж қилиб бўлдик. Ҳар хил диаметрдаги газ қувурлари ягона диаметри 159 мм бўлган тармоққа бирлаштирилади ва газ босимини истеъмолчи хонадонига боришига эришилади..”

Газ қувурларини ягона тармоққа бирлаштириш табиий газ босимини истеъмолчи хонадонига қадар етиб келишига асос яратади. Ягона тармоқ орқали босимни истеъмолчига етказиб берилишига замин яратилмоқда. Бунда ҳам газдан иқтисод қилинмоқда ва қувурлар эстетик жиҳатдан тартибга келтирилмоқда. Масофа узоқлиги сабаб, босимни бир меъёрда ушлаб туриш, тармоқнинг боши ва охиридаги истеъмолчида бир маромдаги босимни етказиб бериш каби муаммолар ўз ечимини топмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати