ОЛТИНКЎЛ ТУМАНИДА СУД-ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИ ЮЗАСИДАН ОММАВИЙ ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ
18.04.2022 415
Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлигининг масъул мутасаддилари иштирокида оммавий қабуллар бошланди. Дастлабки қабул Олтинкўл туманида ташкил этилди.
Қайд этиш керак, ҳудудларда тез-тез ўтказилаётган айни шаклдаги мулоқотлар “Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак!” деган тамойилни амалда ифода этиб, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш, мурожаатларга самарали ечим топишда муҳим аҳамият касб этаётгани бор гап.
Қабул жараёнида мутасаддилар фуқароларнинг ариза, шикоят ва таклифларини ўргандилар. Жумладан, Олий суд судьялари томонидан жиноят, фуқаролик ишлари ҳамда маъмурий судларга доир 50 та мурожаат кўриб чиқилиб, 34 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунинг баробарида, никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2 та фуқаролик иши юзасидан тарафлар яраштирилган бўлса, яна 2 нафар шахснинг алимент ундириш ҳақидаги даъволари қаноатлантирилди. Жиноий қилмиши учун айни вақтда суд томонидан тайинланган жазони ўтаётган, аммо хатоларидан чин дилдан пушаймон бўлган 12 нафар шахс эса жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Қабулда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан ҳам фуқароларнинг бир қатор мурожаатлари кўриб чиқилди.