Андижонда

Олтинкўл ва Балиқчи туманларида ҳам табиий газдан дебитор қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда


22.07.2026   28

Бугунги кунда “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳаси доирасида аҳоли хонадонларига ўрнатилган замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналари орқали етказиб берилаётган табиий газ автоматик тарзда ҳисобланмоқда.Афсуски,истеъмолчилар орасида ўз мажбуриятларини бажармай, табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмасдан унга совуққонлик билан қараётганлар ҳам топилади. Натижада, фуқаролар орасида қарздорлик сабаб табиий газ бериш тўхтатилган ёки юқори қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар ҳам мавжуд. Ушбу истеъмолчиларга қарздорлигидан аввал смс-хабарномалар юборилган бўлсада, табиий газдан фойдаланишда давом этган ва натижада юқоридаги қарздорлик келиб чиққан.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг барча шаҳар-туман бўлимлари томонидан жойларда қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, қарздорликни ундириш ва қарздорлар ҳужжатларини суд-ҳуқуқ органларига топшириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Ана шундай амалий ҳаракатлар Олтинкўл ва Балиқчи туманларида ҳам давом эттирилмоқда.

Жасурбек Комилов “Олтинкўлтумангаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси сифатида фаолият олиб боради. Унга “Миробод”, “Гулбоғ-Иттифоқ” ҳамда “Иттифоқ-Маслаҳат” маҳаллаларидаги 1200 дан ортиқ хонадон бириктирилган.Унинг ҳудудида ҳозирда 182 та муаммоли газ ҳисоблагич мавжуд бўлиб, ҳар куни 10 тадан аниқ манзил асосидаги ҳисоблагичларни муаммоларини бартараф этмоқда. Шунингдек, режадаги 5 та ҳисоблагични хатлов қилиш ва 3 та қарздор истеъмолчини ҳужжатларини суд органларига юбориш бўйича ҳам иш олиб бормоқда. Ҳудудидаги дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Йил бошида мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи табиий газ истеъмолчиларининг умумий қарзи 1 млрд сўмдан ошиқроқ эди. Ўтган олти ой давомида 600 млн сўмлик қарздорлик ундирилди ва ҳозирда қолган қисмини ундириш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда Балиқчи туманида 12 минг 450 нафар фуқаро табиий газ истеъмолчилари ҳисобланадилар. Уларнинг 3 минг 712 нафарини табиий газдан 6 миллиард 562 миллиондан ортиқ дебитор қарздорлиги шаклланган. Йил бошидан бери биринчи ярим йиллик давомида 1500 нафар шахсдан дебитор қарздорлик тўла ундирилди. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судларга 250 нафар қарздорнинг 2 млрд.дан ортиқ қарздорлиги бўйича даъво аризалари киритилди. Шунингдек, 53 нафар фуқаронинг табиий газ тармоғи 880 миллион қарздорлиги учун пайвандлаш йўли билан тармоқдан ажратилди.

Дебитор қарздорликни ундирув бўйича ҳаракатлар жойларда давом этмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати