Олтинкўл ва Қўрғонтепа туманларида ҳам суюлтирилган газ етказиб беришда FaceID тизими ишга туширилди

03.10.2025 45
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан суюлтирилган газ етказиб беришдаги янги тажриба амалиётга татбиқ этилган ва мазкур ишлар биринчилардан бўлиб Андижон вилоятида бошланган эди.Бунда ҳар бир чилангар махсус планшетлардан фойдаланган ҳолда истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериши кўзда тутилган.Мазкур планшетларда “E-gaz” дастури интегрaция қилиниб, истеъмолчининг қачон суюлтирилган газ олганлиги ҳақидаги маълумотлар смс хабарнома орқали истеъмолчига ва Жамиятнинг махсус базасига маълумот узатиб боради. FaceID тизими бўйича аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш Олтинкўл ва Қўрғонтепа туманларида ҳам ишга туширилди.
Олтинкўл тумани “Хўжа” маҳалла фуқаролар йиғинида 811 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари истиқомат қилади. Уларга “Олтинкўлтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан шу кунга қадар 90 тоннадан зиёд газ етказиб берилган. Авваллари ID карталар асосида иш ташкил қилинган бўлса, энди газ етказиб беришда планшетлардан фойдаланилмоқда.
“...Мазкур тизим ишга туширилганидан хурсандмиз, - дейди истеъмолчи Ҳакимжон Рустамов. Тушунтиришларича оила маълумотлари махсус базага интеграция қилинган бўлиб, 16 ёшдан юқори бўлган оила аъзоси бемалол маиший газ баллонини алиштириб олиши мумкин. Авваллари махсус картани эгаси сўраларди, энди оиламиздан бирон киши бемалол баллонни алиштириш мумкин экан...”
Қўрғонтепа туманининг “Найнаво” маҳалласидаги 645 нафар истеъмолчи ҳам янги тизимнинг иш бошлаганидан мамнун. Улар ҳам энди газ етказиб бериш вақтида оила аъзоларидан бирон кишини қатнашиши талаб этилиши керак бўлишини тушундилар. Шунингдек, чилангарлар томонидан газ етказиб беришда маиший газ баллонлардан фойдаланиш қоидалари бўйича тавсиялар олмоқдалар.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати