Андижонда

ОЛТИНКЎЛДА ЖАРАЁН ҚИЗҒИНЛИК БИЛАН ЎТМОҚДА


09.07.2023   166

Олтинкўл туманидаги 1-умумтаълим мактаби биносида жойлашган 619-сайлов участкаси эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум бўлди. Соат 08:00 да аҳоли президентликка номзодларга овоз беришни бошлади.

Участкада жараёнга пухта тайёргарлик кўрилган. Рўйхатга олинган 1315 нафар сайловчининг 4 нафари илк бор сайловда иштирок этмоқда. Участка бўйича 58 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берган. 28 нафар фуқаро бугун яшаб турган жойидан овоз бериш учун комиссияга мурожаат қилган.

-Муддатидан илгари бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ташкиллаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар халқаро стандартлар талабларига жавоб берган ҳолда, сайлов қонунчилиги асосида очиқ, ошкора, демократик руҳда бўлмоқда, -дейди сайлов участкаси раиси Дилафруз Мўйдинова. - Қувонарлиси, мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишлар ва бунёдкорлик ишларидан илҳомланган ҳамюртларимиз ўз сиёсий иродасини кўрсатган ҳолда овоз беришда қатнашмоқда.

Аҳоли фаоллик билан ўзининг келажаги учун овоз бермоқда.