ОЛТИНКЎЛДАГИ “ҒУНЧА” ОРОМГОҲИДА БЎЛГАНМИСИЗ?
07.06.2022 639
Олтинкўл туманидаги “Ғунча” оромгоҳи 1974 йилда “Навбаҳор” номи билан ташкил этилган. Туманнинг Охунбобев маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур дам олиш маскани жорий йил 30 майдан “Ғунча” масъулияти чекланган жамияти тасарруфига ўтгач, МЧЖ номи берилди.



Тадбиркор Расулбек Ўктамов раҳбарлигидаги ушбу ҳордиқ жойида 1 та маъмурий, 3 та ётоқ ҳамда 1 та ошхона бинолари мавжуд. Манзарали дарахтлар билан кўркамлик сочиб турган ҳовлидаги ўриндиқлар соябонлар билан ўралган. Болажонлар учун бу ерда суҳбатлашиш, мутолаа қилиш имконияти яратилган. Оромгоҳ кутубхонаси 600 дан зиёд миллий ва жаҳон адабиёти дурдонлари билан бойитилган.
125 ўринга мўлжалланган ёзги соғломлаштириш ва дам олиб маскани мавсум давомида беш босқичда фаолият олиб боради. Ҳар бир босқич 12 кунлик муддатни ўз ичига олади. Мазкур муддат мобайнида болалар спортнинг ўзлари қизиққан турлари билан малакали тренерлар раҳбарлигида шуғулланадилар, фан тўгаракларида билимларини мустаҳкамлайдилар, хорижий тилларни ўрганадилар. “Баркамол авлод” болалар ва ўсмирлар ижодий уйи туман бўлими томонидан бириктирилган мутахассис-ўқитувчилар айни йўналишларда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига кўмаклашадилар.
Спорт майдончаси, ёзги бассейн, суҳбат ва дам олиш учун манзарали яшил майдон, ўйингоҳ, югуриш йўлакчаси, кутубхона – барчаси болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун тайёр.
Туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда суҳбат асосида сараланган 10 нафар тарбиячи ва етакчиларга мавсум бошидаёқ зиммасига юклатилган вазифалар масъулияти чуқур тушунтирилади.
Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бириктирилган шифокор ва ҳамшира оромгоҳ тарбияланувчиларининг саломатлигини доимий назорат қилиб боради. Туман ички ишлар бўлими вакили хавфсизлик учун жавобгарликни ҳис қилган ҳолда ҳамиша сергаклик билан ишлайди.
Оромгоҳда турли спорт мусобақалари ўтказилиб, ғолиб жамоалар ҳомий ташкилотлар томонидан рағбатлантирилади. Болалар томонидан тайёрланган қўл меҳнатлари, ҳунармандчилик, тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил қилиниб борилади. Бу эса келажак авлоднинг қизиқишларига, интилишларига, ташаббусларига қанот беради.
Туман маданият бўлими ҳамда вилоятдаги таниқли хушовоз хонандалар иштирокида мунтазам равишда кўнгилочар тадбирлар, мусиқий дастурлар ташкил этилиб, ёзги таътилга янада кўтаринкилик бахш этилади.
Зилола РАҲМОНОВА.
