Олтинкўллик маҳалла газчилари аниқ вазифа асосида ишламоқдалар

03.06.2025 64
Айтиш керакки, бугунги кунда газ таъминоти соҳасида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Бу аҳолини, хусусан, ҳар бир маҳалладаги истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммоларини тезкор ва жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Жасурбек Муқимов ҳам “Олтинкўлтумангаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Ходимга тумандаги “Оқтепа”, “Бўстон”, “Сафаробод”, “Оқтумор”, “Топтиқ” ва “Катта Оқтепа” маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ушбу маҳаллаларда жойлашган истеъмолчилар сони жами 2 минг 392 тани ташкил этади. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг афзаллиги шундаки, истеъмолчи энди сарсон бўлмайди, газ билан боғлиқ муаммоси бўлса, маҳалласига бориб, ҳудудга бириктирилган газчи кўмагидан фойдаланади. Шу билан бирга, вақт йўқотишларнинг олди олинади.
Маҳалла газчисининг ҳар кунлик фаолияти бугунги кунда онлайн тизим орқали келган топшириқларни бажариш билан ўтмоқда. Бунда муаммоли хонадонларнинг аниқ манзилли рўйхати асосида хонадонларга бориб, уларнинг электрон газ ҳисоблаш ускунасида юзага келган муаммоларни бартараф этади. Аҳоли хонадонларида ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунаси созлигини текшириш тадбирлари ҳам маҳалла газчисининг кун давомидаги вазифаларидан бирига киради.
“...Мен “Оқтепа” маҳалласининг “Саранжом” кўчасида истиқомат қиламан, - дейди нафақахўр Қўшақвой Жасуров. – Маҳалла газчимиз хонадонимизга кирганда, газ жиҳозларимни кўрди. Оддий иситиш печидан фойдаланиб келаман. Менга эса икки контурли печга ўтиш бўйича тавсиялар берди. Табиий газни тежашдага аҳамияти, айниқса хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунчаларни тақдим этди. Энди ўғлим билан маслаҳатлашиб, мана шундай печни ўрнатиш ҳаракатидамиз..”
Маҳалла газчи бўлган Ж.Муқимов муаммоларни бартараф этиш асносида истеъмолчилар билан суҳбатлашиб, табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш ва бошқа зарур қоидалар бўйича огоҳлантириш бериб келмоқда.Шунингдек, табиий газ билан боғлиқ ёнғинлар олдини олиш, ис газидан огоҳ бўлишга оид кенг тартибдаги тарғиботларни ҳам олиб бормоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати