Андижонда

ОЛТИНКЎЛЛИКЛАР РЕФЕРЕНДУМНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗЯПТИЛАР?


30.04.2023   286

Олтинкўл туманида ташкил этилган жами 58 та референдум участкасида 108 минг 315 нафар овоз берувчи рўйхатга олинган. Уларнинг 1 минг 625 нафари муддатидан олдин овоз бердилар. Илк марта бундай сиёсий жараёнда иштирок этаётган 3 минг 817 нафар йигит-қизнинг ҳаяжони сезилгани рост.

  • Очиғи, оиламдагиларнинг овоз беришга ёки сайлашга чиқиб кетаётганларида жуда қизиқардим, - дейди тумандаги 626-референдум участкасида овоз берган 42-умумтаълим мактаби битирувчиси Маржонахон Асронбоева. – Мана ўзим ҳам бугун ўша қизиқишларимни амалда кўрсата олдим. Биринчи марта овоз бераётганим учунми ҳаяжоним босилмади.

Мазкур участкада илк марта овоз бераётган ёшлар учун участка комиссияси раисининг махсус рағбатлантирувчи совғалари ташкил этилганлиги қувончли.

Туманнинг Қорақалпоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 38-умумтаълим мактабида жойлашган 624-референдум участкасида рўйхатга олинган 2021 нафар овоз берувчиларнинг 84 нафари муддатидан аввал овоз берганлардир. Ҳамон овоз берувчилар қадами узилмаётгани жараён қизғин давом этаётганидан дарак.

-Участкада амалдаги Конституция ва асосий қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси, шунингдек, таклиф этилаётган ўзгаришлар бўйича 100 саволга жавоб тўпламлари тайёрлаб қўйилгани айни муддао бўлди, - дейди кузатувчи Хуснора Абдуллаева. -Конституциянинг таклиф этилаётган янги таҳриридаги алоҳида бандлар билан бирга ҳужжат лойиҳасининг тўлиқ матни ҳам стендларда кўрсатилгани овоз берувчиларнинг сиёсий воқелик ҳақидаги саволларига жавоб учун хизмат қилди.

2-Андижон референдум округи Матбуот маркази.