Андижонда

Оммавий сайёр қабул: БОШ МАҚСАД – ОДАМЛАР ҲАЁТДАН РОЗИ БЎЛСИН


11.05.2022   560

Халқ билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш - аҳолининг давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлайди. Шу маънода юртимизда барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим вужудга келмоқда. Бугун одамлар бирор бир муаммосини ҳал этиш учун давлат идораларига эмас, аксинча давлат идоралари ва мутасадди ташкилотлар халқ ҳузурига келмоқда.

Вилоятимиз марказидаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган оммавий сайёр қабулда 22 йўналишдаги вазирлик ва қўмиталарнинг раҳбариятидан мутасаддилар андижонликлар билан юзма-юз учрашиб, ҳар бир мурожаатчининг ташвишини енгиллатиш чора-тадбирларини кўрдилар.

Ушбу қабулда суд-ҳуқуқ тизими, таълим ташкилотлари, маданият, бандлик, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал хўжаликлари, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари каби бошқа кўплаб тегишли ташкилотлар мутасаддиларива вакиллари иштирок этдилар. Мурожаатчилар ҳам ўз муаммосидан келиб чиққан ҳолда соҳа мутахасссислари билан учрашиб, саволларига ечим топдилар.

Вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, соҳадаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сайёр қабулда бу йўналишда мутасаддилар кўмагига муҳтож бўлган аризачилардан бирини суҳбатга тортдик.

  • Асакадан келдик, - дейди Муҳайё Мамадалиева. – Ўғлим Асадбек Ибрагимов ёш тадбиркорлардан, “Асака бренд свит” МЧЖ раҳбари. У туманнинг Файз маҳалласида 16 ўринли меҳмонхона қуришни бошлаб юборган.“Асака банк”дан 500 миллион сўм кредит маблағи олдик.Қолган ярмини олишда ҳар турли тўсиқларга дуч келяпмиз.

Марказий банк департаменти қабулига ёзилдим. Умид қиламанки, муаммо нимадалигини билиб, ечим топиб кетаман.

Шу куни ҳар бир фуқаронинг ариза ва шикояти холисона, ўз вақтида кўриб чиқилди. Уларнинг асосий қисми бандлик, уй-жой, пенсия ва нафақа, суд, тадбиркорлик, хотин-қизлар масалалари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт соҳаларига оид. Аҳоли томонидан билдирилган муаммоларнинг кўпчилиги шу ернинг ўзида ечимини топди, қолганлари ижрога йўналтирилиб, назоратга олинди. Айримларига асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Хулоса қилиб айтганда, нуфузли давлат идоралари вакилларининг оммавий қабуллари фу­­қароларнинг ҳуқуқ ва эркин­ликларини ҳамда қонуний ман­фаатларини рўёбга чиқариш, одам­ларнинг ижтимоий кай­фия­тини баҳолаш имконини беради. Шу билан бирга, халқимизнинг ҳаёт даража­си­ни юксалтириш, энг муҳими, одам­лар ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, шукроналикда умргуза­рон­лик қилишлари учун зарур шарт-шароит яратишга хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Республика миқёсидаги мутасаддиларнинг оммавий сайёр қабули эртага туман ва шаҳарларда давом этади. Биз тафсилотларга яна тўхталамиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ

олган суратлар