Андижонда

ОРДАЙДА ҲАМ РАҚАМЛАШТИРИШДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ НАТИЖАСИ НАМОЁН БЎЛМОҚДА


27.12.2022   244

Ордай маҳалла фуқаролар йиғини Хўжаободнинг тоғ ён бағирларида жойлашган маҳаллалардан бири. Бугун Ордайликларнинг барчасисуюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизими орқали суюлтирилган газ билан таъминланишмоқда.

“..Биз янги тизим бўйича мана 2 йилдирки газ оляпмиз, - дейди Ордай МФЙ Гилосзор кўчасининг 235-уйида яшовчи РаънохонМуҳаммадалиева. – Жуда қулай экан. Картага хўжайиним пул солиб қўйган эди, энди қачон газ келса бемалол газ баллонимни алмаштира оларканман. Ҳам вақтда ютаман, ҳам пул борми, йўқми демайман. Баллонга ёпиштирилган чип ҳақида ҳам айтишди. Уни ҳам эҳтиётлаямиз. Қисқа қилиб айтсам, рақамлаштириш деган сўзни телевизорда эшитардик, мана энди ўзимиз ҳам шу жараённи гувоҳи бўлиб, бевосита иштирок этаяпмиз ҳам...”

Бугун Ордайликларнинг барига “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан ID карталар тарқатилган. 768 дона маиший газ баллонларнинг бари эса бар кодли ёрлиқлар билан таъминланган. Онлайн тизимда газ етказиб бериш учун эса барча шароитлар мавжуд. Маҳалла аҳлига эса йил бошидан бери 133.890 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

“... Тизимнинг қулайлиги нафақат аҳолига, балки бизга ҳам маъқул келмоқда. Чунки тизим ишлашни бошлаши билан, коррупцион ҳолатлар, сунъий нархнинг ошиши каби масалаларга чек қўйилди, яъни ҳеч бир истеъмолчида бунга шубҳа қолмади. Олдинлари аҳолида газ нархи ҳақида ҳар хил фикрлар юрган бўлса, ҳозирда ҳамма бирдай хурсанд. Ҳеч ким нақд пул билан тўловни амалга оширмаяпти, олинган газ учун тўлов онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Шунинг чилангар ва ҳайдовчилар ҳам махсус мобил дастурлар орқали газ етказиб бермоқдалар. Бу эса уларнинг вақтдан унумли фойдаланиб, тарғибот учун ҳам вақт ажратишларига имкон яратмоқда..,- дея суҳбатни якунлади “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлимининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш бўлими бошлиғи Бобуржон Ўринов.

Ордай МФЙ қатори Дилкушод ва Бешқовоқ маҳаллларида бўлганимизда ҳам истеъмолчиларнинг онлайн тизимдан фойдаланаётганликларининг гувоҳи бўлдик. Демак, рақамлаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси Хўжаободда ҳам намоён бўлмоқда экан.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати