Атрофга назар

ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҚОНУН БИЛАН ТАРТИБГА СОЛИНДИ


02.06.2022   284

Ўзбекистон Республикасининг “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги ЎРҚ-766-сон Қонун органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализасия қилиш, шунингдек мувофиқликни баҳолаш ва авторизациялаштиришни тартибга солади.

Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтказилган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда сертификатлаштирилган органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун субсидиялар ажратилади.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда

•соғлом ҳайвонлар ва ўсимликлардан;

•хавфсиз маҳсулотлардан;

• келиб чиқиши ҳайвонлар ва ўсимликларга мансуб бўлган хомашёдан фойдаланилади.

Органик маҳсулотларни тамғалашда:

•“органиc” (органик);

•“биологиc” (биологик);

•“эcологиc” (экологик);

•“натурал” (табиий) деган сўзлардан фойдаланилиши мумкин.

Ўзбекистонга органик маҳсулотларни олиб киришда чет давлатнинг мувофиқликни баҳолаш органи томонидан берилган органик жиҳатдан мувофиқлик сертификатининг ва ушбу мамлакатда қабул қилинган намунадаги органик маҳсулотларнинг келиб чиқишини тасдиқлайдиган сертификатнинг кўчирма нусхалари тақдим этилиши керак.

Ўзбекистонга олиб кириладиган органик маҳсулотларга нисбатан қонунчиликда белгиланган санитария, фитосанитария, ветеринария ҳамда ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари қўлланилади.

Органик маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган шаклдаги органик жиҳатдан мувофиқлик сертификати тақдим этилганда амалга оширилади.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар реестри юритилади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Умиджон Хакимов,

Вилоят адлия бошқармаси

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи.