Атрофга назар

ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ: АНДИЖОНЛИК ШАШКАЧИЛАР 6 ТА ОЛТИН МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТИШДИ


28.06.2022   217

Яқинда мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган шашка бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси сафида дона сурган тажрибали ҳамюртларимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди.

Икки юз нафардан ортиқ спортчи иштирок этган нуфузли мусобақада 64 ва 100 катакли шашканинг турли йўналишлари бўйича фахрийлар ўртасидаги беллашувлар айниқса қизғин кечди.

Андижонлик таниқли спортчилар – гроссмейстер Абдуқодир Тоштемиров (Андижон шаҳри) ҳамда спорт устаси Каримахон Мирзаева (Избоскан тумани) мазкур баҳсларда рақибларидан устун келишиб, тенгсиз эканликларини намойиш этишди.

Каримахон Мирзаева 100 катакли шашканинг барча уч йўналиши (классик, тезкор ва яшин тезлигида)да ҳеч кимга имконият қолдирмади ва чемпион номига сазовор бўлди. Шунингдек, у 64 катакли шашканинг тезкор йўналишида ҳам олтин медал соҳибасига айланди. Пировардида маҳоратли спортчимиз терма жамоа хазинасига 4 та олтин медални қўшиб қўйди.

Абдуқодир Тоштемиров 64 ва 100 катакли шашканинг классик йўналишида маҳорат билан дона суриб, рақибларидан устун келди ва 2 та олтин медални қўлга киритди.

Қитъамизнинг нуфузли мусобақасида яна бир вакилимиз – таниқли спорт устаси Мамасоли Тешабоев ҳам қатнашиб, техник ҳакам сифатида иш олиб борди. Эътиборлиси, у андижонлик ғолиб шашкачиларнинг мураббийи саналади.

Осиёда тенгсиз бўлган шашкачиларимизни ажойиб ютуқлар билан қутлаб, халқаро мусобақаларда уларга янада улкан ғалабалар тилаб қоламиз.

Ҳ.Тоҳиров