Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишдан мақсад – бола манфаатларини таъминлашдир
![](https://andijonnoma.uz/uploads/thumbs/news/770x0_ff391ecaca30278e0ccef2d5d5ee8090.jpg)
11.02.2025 38
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш оилавий ҳуқуқий жавобгарликнинг бир тури, унда жазо элементи аниқ намоён бўлади. Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг асосий вазифаси боланинг манфаатларини таъминлашдир.
Болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун ҳимоя қилиш ва жавобгарликнинг амалдаги чоралари оилавий муносабатлар ва ҳуқуқ тизими ривожланишининг ҳар бир янги босқичи билан ўзгариб бормоқда. Бу эса уларни қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Қайд этиш жоизки, оила қонунчилигидаги жавобгарлик чораларига жиддий эътибор қаратилиши, уларни янгилаш зарурати ҳамда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институтини ўрганиш жиддий аҳамият касб этмоқда.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институтини халқаро ҳуқуқий тартибга солиш асослари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида белгилаб қўйилган. Ушбу конвенциянинг 9-моддасига кўра, бола ўз хоҳишига зид равишда ота-онасидан ажралиши мумкин эмас. Фақат бундай ажралишга боланинг манфаати тақозо этганда суд қарорига асосан йўл қўйилади. Бундай чоралар муайян ҳолатларда, масалан, ота-оналар болалари билан шафқатсиз муносабатда бўлса, кўрилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тушунчасини ичига олмайди, лекин ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ва ундан маҳрум қилиш асосларини кўрсатиб ўтади.
Оила кодексининг 79-моддасида ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг қатъий асослари кўрсатилган.
Биринчидан, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа. Бундай ҳолат болага таълим-тарбия бериш, бирга яшаш, унга ғамхўрлик қилиш, боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, зарарли ахборот хуружидан ҳимоя қилиш, болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уни иқтисодий таъминлашдан бўйин товлашда намоён бўлади.
Иккинчидан, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса. Масалан, бугунги кунда ёлғиз оналар, боқувчисини йўқотганлар, турмуш ўртоғининг чет элга кетиб қайтиб келмаслиги оқибатида фарзандларини меҳрибонлик уйларига олиб келиш ҳолатлари ортган. Маълумотларга кўра, меҳнат миграцияси сабаб ота-онаси ёки қариндошларидан узоқда, тўлиқ давлат таъминотидаги муассасаларда тарбияланаётган болалар сони 935 нафар. Шундан 75 нафарининг ҳам ота, ҳам онаси меҳнат мигрантларидир.
Учинчидан, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса. Ота-оналарнинг болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиши, жумладан, жисмоний куч ишлатиши ёки руҳий таъсир кўрсатиши ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланади ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка асос бўлади.
Тўртинчидан, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса. Ота-оналарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун уларда ушбу касалликка мубталолик фактининг ўзи етарли бўлади. Чунки ушбу ҳолат бола учун хавф туғдириши табиий. Бола носоғлом оилавий муҳитга тушиб қолади, ўзи билан ўзи қолиб кетади ҳамда маънавий ва жисмоний қийналади.
Бешинчидан, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Азизбек Қодиров,
фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди судьяси