Андижонда

Пахтаобод туманидаги Бўстонобод МФЙда ҳам автоматлаштирилган истеъмол назорат баланси йўлга қўйилмоқда


27.05.2025   112

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан “Паркент-Шовот” тажрибаси Республиканинг барча вилоятларига татбиқ этилмоқда. Пахтаобод туманининг Бўстонобод маҳалласида ҳам мана шу тажриба асосида иш олиб борилмоқда. Ҳозирда МФЙ ўрамидаги ҳар бир хонадонга замонавий регуляторлар ва энергия тежовчи газ жиҳозлари ўрнатилмоқда. Маҳалланинг кириш қисмида умумий газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, барча кўчаларда автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилиш жараёни якунига етказилмоқда.

“...Маҳалладаги 421 та хонадоннинг 285 тасига регуляторлар ўрнатиб бўлинди, - дейди туман газ таъминоти бош муҳандиси Шуҳратбек Расулов. – Шунингдек, хонадонларга газ тежаш борасида ҳам тарғиботлар қилиб бормоқдамиз...”

Лойиҳа доирасида “Бўстонобод” маҳалласидаги мавжуд хонадонлар тўлиқ икки босқичли тизимга ўтказиляпти ва барча газ ҳисоблаш ускуналарига қўшимча регуляторлар ўрнатиляпти. Бу эса газ таъминоти хавфсизлигини ошириб, аҳолини бир меъёрда “зангори ёқилғи” билан таъминлашга ва истеъмолчиларнинг харажатларини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, маҳалладаги 1.3 километрлик газ қувурлари тартибга келтирилди ва бўёқланди. Мавжуд 4 та эски газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилиниб, ўрнига замонавий инсон омилисиз бошқарилувчи ГТП ўрнатилди. Мазкур амалиёт натижасида 70 минг метр кубдан ортиқ табиий газ тежаб қолиниши режалаштирилган.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати