Андижонда

РАҚСНИНГ СЕҲРЛИ ДУНЁСИ


29.11.2022   235

Куни кеча Андижон ихтисослаштирилган санъат мактабида устоз ва шогирд анъаналарини янада ривожлантириш мақсадида илмий-амалий семинар ўтказилди. Мазкур ўқув семинарида Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори, проффессор Шуҳрат Тўхтасимов билан ижодий учрашув ўтказилди.

Тадбирда ректор ўзининг соҳага доир билимлари, санъат оламига кириб келиши, бу йўлдаги қийинчиликларни енгиш осон бўлмаганлиги, ниҳоят, муваффақият чўққилари хусусида қизиқарли суҳбат ўтказди. Битирувчи ўқувчилар учун санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Рақс ўзингни куйга, оҳангга бахшида этиб, сеҳрлар дунёсига шўнғиб кетмоқ. Кўнгилдаги бор-йўғингни нигоҳларга, ҳаракатларга уйғунлаштириб томошабинларга ато этмоқдир. Амалий семинар давомида ўқитувчилар томонидан мумтоз рақслар, халқ саҳна рақси ва ўзбек рақси фанларидан очиқ дарслар ўтказилди. Хореография бўлими бошлиғи Наргизахон Қайимова томонидан ташкил этилган маҳорат дарслари кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.

Юртимизда нафақат илм даргоҳлари, балки санъат ва маданият максканларининг мавжудлиги биз ёшлар учун кенг кўламли имкониятлар яратилаётганидан дарак беради.Зеро, санъат ва маданият миллатимиз шаънини юксакликка олиб чиқувчи бир омилдир.

Малоҳат МАМАСОДИҚОВА,

Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби битирувчиси.