Атрофга назар

Рангларда жонланган орзулар


12.03.2026   50

Санъат — инсон қалбининг энг нозик туйғуларини ифода этадиган, руҳиятга гўзаллик ва илҳом бағишлайдиган сеҳрли олам. Ана шу оламда ўзининг рангларга бой ижоди, тинимсиз изланишлари ва ёрқин истеъдоди билан танилиб бораётган ёш мусаввирлардан бири Муслимахон Абдуқахорова болалигидан санъатга бўлган меҳр ва рангларга бўлган қизиқиш билан улғайди. Бугунги кунда у ўз ижодида табиат гўзаллиги, инсон қалбининг нозик кечинмалари ва ҳаётнинг ранг-баранг манзараларини маҳорат билан акс эттириб келмоқда.

Ёш мусаввир Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган “Tokyo Spring” халқаро танловида I даражали диплом, Россия Федерациясида ўтказилган бир қатор нуфузли танловларда I ва II даражали дипломлар билан тақдирланган. Норвегиянинг Осло шаҳрида ўтказилган “The Best Student” халқаро танловида эса Гран-при ва I даражали дипломга сазовор бўлди. Вилоят, республика ва Тожикистон, Россия давлатларининг қатор шаҳарларида ўтказилган кўргазмаларда унинг рангтасвир асарлари санъат мухлислари эътиборини қозонмоқда.

2023–2025 йиллар давомида тасвирий санъат соҳасига оид илмий мақола ва тезислари халқаро ҳамда республика илмий журналларида нашр этилди. Шунингдек, унинг “Чизма геометрия мустақил таълим ишланмалари” номли ўқув-услубий қўлланмаси тизимда аллақачон оммалашиб улгурди.

Муслимахоннинг билимга чанқоқлиги ва фаоллиги “Йил талабаси–2024” Республика танловида ҳам муносиб баҳоланиб, “Йилнинг энг фаол иқтидорли талабаси” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. Республика босқичида эса юзлаб талабалар орасида кучли бешликдан ўрин олиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Ижодкор, ташаббускор ёшлар етакчиси, Олтинкўл тумани “Ёшлар қаноти” гуруҳи раҳбари сифатида иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш йўлида фаол меҳнат қилмоқда.

Ранглар орқали гўзалликни ҳис қилиш ва уни асарларда жонлантириш — катта истеъдод талаб этади. Муслимахон Абдуқахорованинг ижоди эса ана шу истеъдоднинг ёрқин намунасидир. Унинг тасвирларга жо бўлган орзу ва илҳомлари келажакда янада юксак парвоз қилиб, санъат оламида янги-янги ютуқларга йўл очиши шубҳасиз.


Фотима МУҲАММАДЖОНОВА