Атрофга назар

Райҳон экмаган келин


20.08.2026   15

Ёки арзимас юмуш туфайли келиб чиққан низо

“Келиним бизнинг уйда яшамасин! – суд мажлисида қайнона бўлмиш Латофатхонга сўз берилгач, биринчи гапи шу бўлди. – Кейинги пайтларда анча ўзгариб қолган. Ота-онасиникига кетиб қоладиган одат чиқариб олган”.

Барно қандай жиддий хатога йўл қўйгандики, қайнонаси уйга киритмаслик учун жон-жаҳди билан тиришяпти?

“Келин бўлиб тушганига ўн йил бўлди. Ўғлим Васлиддин билан уч фарзанд кўришди. Катта набирам яқинда ўн ёшга киради. Барнохон ўзи муомалали, оёқ-қўли чаққон, покиза, тартибли, пазанда қиз эди. Аммо кейинги уч йил ичида негадир бутунлай ўзгарди-қолди. Уй юмушларини ўз ҳолига ташлаб қўядиган одат чиқарди. Ҳатто ҳовлига райҳон экиб қўяй демайди. Хуллас, уйимизга кириб яшашини хоҳламайман”, изоҳ беради қайнона.

Низонинг моҳиятини илғаган бўлсангиз керак?

Барно қайнонаси билан ўзаро тушунмовчиликлар сабаб отаси ҳовлисига кетиб қолганди. Аммо уч боласи билан қачонгача яшайди бу ерда? Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида, деган гаплар бор. Бир муддатдан сўнг ҳовуридан тушиб, қолаверса, турмуш ўртоғи Васлиддиннинг “Оиламиз пароканда бўлмасин!” деган самимий истаги сабаб келин бўлиб тушган хонадонига ўзи бош эгиб борди. Бироқ қайнонаси эшикни тақа-тақ ёпди: “Бу уйга қайтиб кирмайсиз!”

Васлиддин онасига қарши чиқа олмади.

Келин икки боласини ортидан эргаштириб, кенжа қизини эса қўлида кўтарганча мунғайиб ортга қайтди.

Кейин яна бир бор уриниб кўрди. Йўқ, қайнона фикридан қайтмади. Ҳатто мўлтираб қараб турган набиралари ҳам бувисининг дийдасини юмшатмади.

Барно бу гал андишани четга сурди. Судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Шаҳрихон туманидаги келин бўлиб тушган уй-жойига ўзини вояга етмаган фарзандлари билан бирга мажбурий тартибда киритишни сўради. Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди масалани обдан ўргангач, Барнони фарзандлари билан бирга жавобгар Латофатхоннинг фойдаланувида бўлган уй-жойга ёрдамчи бинолардан ва коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан муқаддам яшаб келган хоналарига мажбурий тартибда киритиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди. Чунки қонун талаби ва иш ҳолатлари ҳам шундай тўхтамга келишни тақозо этарди: ахир келин бу уйда оиласи билан салкам ўн йил яшаган, қонуний никоҳдан ажрашмаган, унинг мол-мулклари ҳам шу хонадонда, қолаверса, низоли уй-жойда рўйхатда туради.

Қарор ижроси яқинлашган кунларда энди қайнона суд эшигини қоқди: “Ҳал қилув қароридан норозиман, апелляция шикояти ёзиб келдим”.

Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ҳар икки тарафнинг иштирокида Латофатхон келтирган важлар асосида ҳал қилув қарорига ҳуқуқий баҳо берилди. Якунда биринчи инстанция суди судьяси қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилган, яъни келин низоли хонадонга кириб яшашга ҳақли, деган якдил хулосага келинди.

Суд ажрими ўқиб эшиттирилгач, одатда, мажлис иштирокчиларига нима учун шундай тўхтамга келинганлиги тушунтириб берилади. Қарор шарҳлаб бўлингач, судья эмас, аввало, инсон сифатида қайнона ва куёвга андак насиҳат, енгилроқ танбеҳ беришга тўғри келди. Нега?

Суд жараёнида қайнона ҳар икки гапининг бирида “Келиним кейинги пайтларда ўзгариб қолган, ҳатто ҳовлига райҳон экиб қўйишни хаёлига келтирмайди”, дея такрор-такрор нолиган бўлса-да, бирор марта ана шу ўзгаришнинг сабаблари нимада, Барнонинг бугунги аҳвол-руҳияти нега бундай бўлиб қолди, деган саволни мулоҳаза қилиб кўрмагандай.

Барнонинг кенжа қизи уч ёшдан ошган бўлса-да, ногиронлиги сабаб юролмас экан. Қолаверса, бола инжиқ, серйиғи, уни доим қўлдан қўймай кўтариб юришсагина, ўзини хотиржам ҳис қиладиган ҳолатда. Бундай вазият ҳар қандай онани наинки жисмонан, балки руҳан чарчатади, тўғрими? Яна тўққиз ва олти ёшли икки фарзанди бор. Шундай экан, қайнона ҳам, турмуш ўртоғи ҳам Барнонинг асабий ҳолатини, болажоннинг инжиқликлари силласини қуритаётганини тушуниши керак эмасми?

Ҳатто қирқ минутга яқин давом этган суд мажлиси жараёнида ҳам қизалоқ бир сония бўлсин онасининг қўлидан тушгани йўқ. Ахийри якунда судлов ҳайъати аъзоларидан бири куёвга юзланди:

  • Шу бола сизникими?
  • Ҳа!
  • Келинг, қизимни менга беринг, беш минутга бўлса ҳам қўлингиздан олай, толиққандирсиз, демадингиз-а?! Сиз-чи, бувиси?

...Латофатхон ҳам, ўғли ҳам суд залидан ўйчан кайфиятда чиқиб кетишди. Келин эндиям бўлса рўшнолик кўрармикан?

Гулнорахон Асранова,

вилоят суди судьяси