Атрофга назар

РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ


27.08.2022   701

Оиланинг мустаҳкамлиги кўпгина омилларга, жумладан улардан асосийси - она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир. Айниқса, онанинг саломатлиги оиланинг тинчлигини, тотувлигини, оилавий илиқликни сақлаб, соғлом авлодни дунёга келтириб, вояга етказиб, кейин эса фарзандлар роҳатини кўриб яшашга муяссар бўлишдир.

Аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериб, тарбиялаш ота-она, айниқса онанинг зиммасига юклатилган масъулиятли вазифа бўлиб ҳисобланади. Балоғат даврида ўсмирнинг организмида иккиламчи жинсий белгиларнинг пайдо бўлиши: бўй ўсиши, вазн ортиши, қўлтиқ ости, оёқ, қўл ва баданнинг баъзи соҳаларида тукларнинг пайдо бўлиши, ёғ безларининг фаол ишлай бошлаши, хуснбузарлар пайдо бўлиши ички секреция безлари фаолиятига боғлиқдир.

Ўғил ва қиз болаларда иккиламчи жинсий белгиларнинг ривожланиши билан ҳар бир жинсга мувофиқ ҳолда тана тузилиши шакллана бошлайди. Тана кўриниши ўзгариши билан биргаликда бола ўзининг маълум бир жинсга мансублигини англай боради. Ўғил ва қиз болалик белгиларининг ривожланиши фақат ташқи кўринишидагина эмас, балки хулқ-атворида, юриш-туришида, оиладаги юмушларни бажаришида, уларнинг руҳиятида, дунёқарашида ҳам кузатилади. Бурч ва масъулият хислари шакллана бошлайди. Ҳар бир одам такрорланмас ва ўзига хосликка эга бўлганлиги сабабли, балоғатга етиш ҳам ҳаммада турлича кечади.

Албатта организмда содир бўлаётган ўзгаришлар қиз болани ҳам, ўғил болани ҳам ҳайрон қолдириб, хайратга солади, айрим пайтда эса қўрқиш ҳолатигача олиб боради. Ўзгаришларнинг сабабини билишни истайдилар. Бунинг учун ўсмирлар, авваламбор танасининг, организмнинг тузилиши ва унинг функциясини билиши керак. Юрак, ўпка, буйрак, жигар, ички секреция безларининг фаолиятини билиш билан танасидаги ўзгаришларга нисбатан ўсмир ўзини хотиржам тортади.

Барча қилинган сай ҳаракатларимиз билан келажакда соғлом ва бақувват аёллар, бўлажак оналарни тайёрлашда ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.