Андижонда

Республика ишчи гуруҳи Андижон маҳаллаларида


13.03.2026   46

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш бўйича Республика комиссияси аъзолари ўз ўрганишларини вилоятимизда бошлади.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг дастлабки манзили Андижон шаҳридаги китоб дўконлари бўлиб, у ерда ёш китобхонлар учун яратилган шароитлар ҳамда маърифат улашиш жараёнлари билан яқиндан танишилди. “Digital Hub” технопаркида иқтидорли стартапчи ёшларнинг инновацион лойиҳалари тақдимоти ҳам қизиқарли ўтди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирокида ўтган очиқ мулоқотда асосий эътибор ҳудуддаги ўқув марказлари ташаббусларини амалий қўллаб-қувватлаш ва ёшлар таълимини ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Тадбирда “Кўмак” лойиҳаси орқали имтиёзли ссуда олиб, ўз ишини муваффақиятли йўлга қўйган ёшлар эришган натижалари ҳамда тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Асака туманидаги "Кўркам" маҳалласида олиб борилган ўрганишлар доирасида маҳалла еттилиги вакиллари ҳамда мутасадди раҳбарлар билан мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида ижтимоий ҳимоя ходимига фаолияти учун замонавий ноутбук топширилди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан биргаликда "Янги Андижон" массивида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди. Андижон шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда маҳалла тизимини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги галдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Навбатдаги манзил "Сарновул" маҳалласи бўлди. Бу ерда ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ва аҳолининг турмуш шароитлари кўздан кечирилди.

Избоскан тумани “Урганжи” маҳалласида аҳоли ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган учрашувлар амалга оширилди.

Мулоқотлар давомида маҳаллада истиқомат қилувчи кўплаб онахонларга соғлиғини тиклаши учун “Навбаҳор” дам олиш масканига йўлланмалар берилди. Жумладан, Санобар Ўринбоева ҳам шу имтиёз билан санаторияда даволаниб келади. Онахоннинг эвараси тўйи муносабати билан янги турмуш қураётган ёш оилага маиший техника жиҳозлари тақдим этилди. Муборак Рамазон ойи муносабати билан айрим оилалар хонадонида ифторлик дастурхони ёзилди.

Ишчи гуруҳининг ўрганишлар давомида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Шунингдек, жойларда ёшлар билан учрашувлар, очиқ мулоқот ва давра суҳбатлари, ёш тадбиркорлар ҳамда стартап ғоялар эгаларининг тақдимотлари, ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлар ташкил этилди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.