Республика ишчи гуруҳи Андижонда

16.05.2025 403
Одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун қулай шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, даромадга киришлари учун имкониятлар эшигини очиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш куннинг долзаб вазифаларига айланган. 13-16 май кунлари аҳолининг яшаш ҳамда турмуш шароитларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоятимизда республика ишчи гуруҳи фаолият кўрсатди. Улар бошчилигида Халқ қабулхонаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда ташкилот раҳбарлари билан ҳамкорликда аҳоли келиши учун қулай бўлган ҳудудларда оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди.
Жумладан, Қўрғонтепа туманида (Жаннатбулоқ МФЙда жойлашган сайилгоҳда) Хонобод шаҳар, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод туманлари, Асака туманининг Ниёзботир, Янгиобод маҳаллалари ҳамда болалар оромгоҳида Андижон шаҳри, Асака, Марҳамат, Булоқбоши туманлари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти биносида Андижон, Избоскан, Пахтаобод, Олтинкўл туманлари, Бўстон тумани Мустақилликнинг 15 йиллиги МФЙ да жойлашган автомактаб биносида Бўстон, Улуғнор, Шаҳрихон, Балиқчи туманлари аҳолиси билан учршувларда муаммолар ечими учун аниқ вазифа ва топшириқлар йўналтирилди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Бобур шаҳрида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар кўриб чиқилди. Йиғилишни ишчи гуруҳ раҳбари - Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари П. Бобожонов олиб бориб, тасдиқланган режага мувофиқ жойларда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Сайёр қабулларда фуқаролар бандлик, тиббий муолажа, ижтимоий ёрдам, тадбиркорлик ва бошқа долзарб масалалар бўйича мурожаатлар тингланди.
Муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида мутасаддилар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, айрим масалалар бўйича тегишли ташкилотлар тезкор ҳаракатни бошладилар. Ўрганиш ҳамда вақт талаб қиладиган мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.
Ўрганишлар доирасида Республика ишчи гуруҳи раҳбари - Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари П. БобожоновУлуғнор, Бўстон, Шаҳрихон туманларида ҳамда Андижон шаҳрида бўлиб, аҳоли розилиги йўлида қилинаётган ишлар билан яқиндан танишди.