Саломатлик сайли: «ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ИНСОН ҚАДРИ УЧУН!» ШИОРИ ОСТИДА
07.04.2022 650
7 апрель - Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан ви-лоятимиз марказидаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида саломатлик сайли ташкил этилди. "Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун!" шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда 21 турдаги мутахассислик бўйича республика ва вилоятимиздаги юқори малакали профессор-докторларбеминнат хизмат қилиш истагида жамландилар.
Карнай-сурнайлар чорлови билан бошланган тадбирда УЗИ, ЭКГ диагностик текширувлари, лаборатор таҳлиллар, саломатлик бурчаклари, даволаш-профилактика хоналари ташкиллаштирилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказ Андижон филиали, Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиали, Ю.Отабеков номли клиника, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Кардиология маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, шунингдек, бир қанча хусусий клиникалар ва даволаш муассасалари, марказий поликлиникаларнинг барча турдаги мутахассислари юртдошларимизга тиббий хизматлар кўрсатишиб, зарур маслаҳатлар ва кўрсатмалар беришди.




– Тиббий кўриклар инсон қадри учун шиори остида ўтказилаётганидан мамнунман, – дейди кардиохирург Отабек Жумабоев. – Саломатликларидан шикоят қилиб келган юрак қон-томир касалликлари мавжуд бўлган аҳолига текширувлар ор-қали ўз кўмакларимизни кўрсатмоқдамиз. 2021 йил январь ойидан буён марказимизда 2000 дан ортиқюрак соҳасидаги мураккаб операциялар муваффақиятли ўтди. Бугунги ташриф буюрувчиларнитекширувлардан ўтказиб, зарурат сезган беморларга ушбу мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳақида тушунтиришлар ва йўлланмалар бердик.
Тиббиёт сайлида фақатгина кўриклар ўтказилибгина қолмай, вилоятимизнинг фармацевтика компаниялари ҳамда ижтимоий дорихоналари ўз маҳсулотларини арзон нархларда аҳолига таклиф қилдилар. "Макро Фарм Андижон" МЧЖ тармоғининг сифатли дори-дармонлари, витамин жамланмалари ҳақида барча маълумотлари билан тақдим қилиниб, арзон нархларда сотилди.
Республика онкология маркази радиотерапия бўлими етакчи мутахассиси Екатерина Чен Тошкент шаҳридан ташриф буюриб, кўрикка келганларга нур терапияси, рак касалликлари ривожланиш жараёнлари ҳақида тушунтиришлар берди. Оғир ҳолатдаги беморлар эса алоҳида консултация қилиниб, пойтахтда даволанишлари учун йўлланмалар тақдим этилди.
- Булоқбоши туманидан келдим, -дейди Зилола Матқодирова.- 5 ёшли қизимда юрак пороги аниқланган эди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг Тошкентдан келган мутахассиси орқали даволанишучун ордер олдим. Фарзандим саломатлиги учун тенгма-тенг қайғураётган тиббиёт ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Шунингдек, вилоятимизнинг барча туман шаҳар марказларида оилавий поликлиникаларда очиқ эшиклар куни ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
М.СИДДИҚОВА.
