Саноат ярмаркаси – кенг имкониятлар майдони
04.07.2024 605
Юртимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, ҳудудий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини кўтариш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кооперация тизимини кенгайтириш, импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, ҳудудлараро интеграцияни мустаҳкамлаш мақсадида қатор ярмаркаларнинг ташкил этилиши ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Буни Андижон шаҳрида бўлиб ўтаётган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Икки кун давом этадиган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида Андижон, қолаверса, республикамизнинг қатор вилоятларидан ташриф буюрган корхона, ташкилот, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар, оилавий корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Ярмарка очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Вилоятнинг ички имкониятларидан самарали фойдаланиш, хусусан, импорт маҳсулотларини ўзимизда тайёрлаш мақсадида маҳаллий саноатни ривожлантириш орқали 5,6 триллион сўмлик янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 129 та лойиҳани қамраб олган дастур шакллантирилди, – деди вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов. – Ана шу дастур доирасида кўплаб янги лойиҳалар ишга туширилади. Қолаверса, кооперация алоқалари янада кенгаяди. Ярмаркада юртимиз автомобилсозлик саноати, жумладан, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти тасарруфидаги автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва жиҳозлар етказиб берувчи корхоналар маҳсулотлари намойиши кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари ярмаркада трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар кўргазмалари салмоқли ўрин эгаллади. Айниқса, “Само”, “Асака текстиль”, Қўрғонтепа туманидаги “Кhantex group”, Андижон шаҳридаги “Dinar group”, “Oltin mato group”, “Diromm textile” сингари корхоналар маҳсулотларига қизиқиш катта бўлди.
– Корхонамизда аёллар, эркаклар ва болалар учун юздан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланади, – дейди Қўрғонтепа туманидаги “Кhantex group” кластер корхонаси раҳбари Элшодбек Мираҳмедов. – Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган бежирим, сифатли, халқаро талабларга тўла жавоб берадиган маҳсулотларнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон, Туркия сингари қатор хорижий давлатларга экспорт қилинади. Ўтказилаётган ҳудудий саноат ярмаркаси янги ҳамкорлар билан манфаатли шартномалар тузиш имконини беради.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш натижасида вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифат жиҳатдан ҳам яхшиланиб бораётганлиги ярмаркада намойиш этилган саноат, трикотаж, қурилиш маҳсулотлари, тиббий жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари мисолида яққол намоён бўлди.
Вилоятда қурилиш маҳсулотлари, тиббий жиҳозлар, дори воситалари, мебель ва уй-рўзғор жиҳозлари ишлаб чиқариш, гул етиштириш ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда. Ярмаркада ана шу йўналишда фаолият олиб борувчи қатор корхоналар, тадбиркорлар томонидан намойиш этилган маҳсулотлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Умуман, Андижонда бўлиб ўтаётган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси нафақат унда иштирок этаётган ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорларнинг, балки чакана ва улгуржи савдо корхоналарига ҳам қулай ва манфаатли шартномалар тузиш учун кенг имконият майдонига айланди.
Фахриддин Убайдуллаев,