Сарҳисоб: тўловга қобилиятсиз деб топишга оид ишлар 2,5 баробарга камайган
10.02.2025 732
Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан одил судловни таъминлаш орқали иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан,2024 йил давомида 4 минг 233 та иқтисодий иш кўриб тамомланди. Бу – кўрилган ишлар сони 2023 йилга нисбатан 4 минг 72 тага ёки 49 фоизга камайди деганидир.
Фаолият кўзгуси рақамларда акс этар экан, турли тоифадаги низолар сонинингортиши ёки камайиши йиллик натижалар ўзаро таққосланганда кўзга ташланади.Хусусан, зикр этилаётган муддатда аввалги йилга нисбатанатроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги ишлар 46 тага ёки 9 баробарга, ижара шартномасига оид ишлар 142 тага ёки 5 баробарга, контрактация шартномасига оид ишлар 139 тага ёки 3 баробарга ошганлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, 2023 йилга нисбатан банклардаги ҳисоб-варақалар бўйича банк операцияларини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги ишлар 5 минг 25 тага ёки 5 баробарга, тўловга қобилиятсиз деб топишга оид ишлар 216 тага ёки
2,5 баробарга, энерго-ресурс қарздорликларини ундиришга оид ишлар 118 тага ёки 1.8 баробарга камайган.
Ўтган йилда 1 минг 774 та иқтисодий иш сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, бу низоли тартибда кўрилган жами ишларнинг 57,2 фоизини ташкил этади.
Сўз бораётган даврда иқтисодий ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича айбдор шахсларга нисбатан 43 та суд таъсир чоралари қўлланилган.
Бундан ташқари, йил давомида 41 та иш бўйича тарафлар медиация келишуви тузганлиги учун кўрмасдан қолдирилган бўлса, 14 та иш юзасидан тарафлар ўзаро келишув битими тузганлиги сабабли иш юритиш тугатилган.
Сардорбек Рустамов,
Андижон туманлараро иқтисодий суди раиси
