Андижонда

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ халқчил ва демократик нормалар билан такомиллашмоқда


27.10.2023   87

Вилоят Савдо саноат палатасининг мажлислар залида “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасинингмазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Туман ва шаҳар партия фаоллари, депутатлар, ОАВ вакилларииштирок тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Баҳодир Юнусов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Зокирова қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар бердилар.

Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси (ID-87283) жорий йил 10 октябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилди.

Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасида иккита муҳим масала: биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 129-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси бошчилик қиладиган марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини ташкил этиш, иккинчидан, мамлакат сайлов тизимига аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов шаклини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказишни назарда тутувчи янги ва демократик нормаларни мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш назарда тутилган.

Яна бир янги норма, Марказий сайлов комиссияси доимий асосда фаолият юритувчи тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда фаолият юритиши белгиланмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган янги нормага мувофиқ, эндиликда: биринчидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига, ҳар бир вилоятда ва Тошкент шаҳрида ҳудудий сайлов комиссиялари тузилиши белгиланмоқда. Ушбу сайлов комиссияларига, ўзлари жойлашган ҳудудда халқ депутатлари вилоят ёки Тошкент шаҳар кенгашларига сайловни ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Референдумини ҳам ташкил этиш ва ўтказиш ваколати берилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Референдумини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича Округ комиссияларини тузиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилган, мамлакатимизда марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини шакллантиришга қаратилган нормалар халқаро сайлов стандартлари талабига, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасига тўла мос келади. Бу нормаларнинг миллий сайлов қонунчилигида ўз аксини топиши, келгусида мамлакатимизда барча даражадаги сайловлар ва референдумни Конституция, сайлов ва референдумга оид қонунларга мувофиқ тарзда, юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда ўзининг ижобий самарасини беради.

Тадбир давомида қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар билдирилди.

Гулжахон ЖАББАРОВА

Суратлар муаллифи Сарварбек ЗУҲРИДДИНОВ