Андижонда

САЙЁР ҚАБУЛДА ФУҚАРОЛАРНИ ЎЙЛАНТИРАЁТГАН МАСАЛАЛАР ЎРГАНИБ ЧИҚИЛДИ


13.12.2022   229

Шаҳрихон туманида Андижон вилояти суди раиси сайёр қабул ўтказди. Қабулда 30 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Кейинги йилларда фуқаролик муносабатларига дахлдор низолар сони кўпайиб бораётгани сир эмас. Шунингдек, оилавий келишмовчиликлар ортидан юзага келувчи низоларнинг ортаётгани ҳам бор гап. Кузатувларга кўра, бу каби мурожаатларнинг аксарияти асосан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ даъволар оқибатида келиб чиқмоқда.

Дейлик, бир оила муайян сабаб билан ажрашишга қарор қилди. Суд даъвони қаноатлантирди. Аксарият ҳолларда ўртадаги келишмовчиликка шу билангина нуқта қўйилмайдики, никоҳнинг бекор қилиниши келгусида алимент ундириш, уй-жой ёки эр-хотинлик даврида орттирилган мол-мулкдан улуш ажратиш билан боғлиқ низоларга доялик қилади.

Мазкур қабулда мурожаатларнинг асосий қисмини уй-жой, алимент, никоҳдан ажратиш, мол-мулк даъволари ташкил этганлиги ҳам юқоридаги фикр исботи. Шунингдек, қарз ундириш, фирибгарлик билан боғлиқ ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасининг турли йўналишларига доир арзу шикоятлар ҳам ўрганиб чиқилиб, барчасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Қабул жараёнида суд томонидан белгиланган мажбуриятларни ўташ жараёнида намунали хулқи, тартибларга қатъий риоя этаётганлиги ҳамда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлаётганлиги учун 6 нафар шахс жазонинг қолган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилинди.