Андижонда

Сайёр суд мажлислари кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилди


18.12.2023   1107

Избоскан туманидаги 6-сон болалар мусиқа мактабида жиноят ишлари бўйича Андижон, Избоскан, Олтинкўл ҳамда Пахтаобод туман судлари томонидан кенг жамоатчилик вакиллари, жумладан, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда жазо ўтаётган маҳкумларнинг яқинлари иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Тадбир аввалида йиғилганларга янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, унинг нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш масалалари, коррупция ҳамда тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда жамоатчиликнинг иштироки муҳимлиги юзасидан тушунчалар берилди.

Сайёр суд мажлисларида айни вақтда пробация гуруҳи ҳисобида туриб, жиноий қилмиши учун суд томонидан тайинланган жазони ўтаётган, хатоларидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда ахлоқан тузалиш йўлига ўтган 21 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек, судлар томонидан Избоскан, Олтинкўл ҳамда Пахтаобод туманлари ички ишлар бўлимлари томонидан тақдим қилинган маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид 39 та материал кўриб чиқилди. Якунда 33 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган бўлса, 6 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазолари тайинланди. Бундан ташқари, 8 нафар шахсга нисбатан ишлар ярашувга асосан тугатилди.