“СЕН МЕНИНГ ҚИЗИМСАН!” - вилоят ҳокими эътирофи спортчи қизни янада янги ютуқларга ундади
25.05.2022 513
Азизахон Якубова спортга жуда эрта қизиқди. Бола чоғидаёқ енгил атлетика, югуриш, турли жисмоний машқлар билан чиниқди. Мактабда ўқиб юрган кезларида маҳалласида, таълим масканида ва албатта, мактаблараро спорт мусобақаларида ғолиблик маёғини баланд кўтарди. Кичик ютуқлар уни катта марралар сари етаклади.
Азиза боксни танлади. Йигирма ёшга тўлиб-тўлмай катта спортга кириб келди. Мана етти йилдирки, катта-кичик рингларда маҳоратини намойиш этиб келмоқда. Тренери Зияитдин Тойгонбоев жуда талабчан. Ҳар бир машғулот улар учун имтиҳондай ўтиши рост. Қатъийлик, масъулият, доимий назорат қиздаги тобланишга куч бериб борди. Кўп ўтмай “Ўзбекистон” терма жамоаси аъзосига айланди.
Спортга бор меҳрини бахш этишида ҳам бир ҳақиқат бор. Ёлғиз онасининг ҳам оналик, ҳам оталик меҳрига тўймай улғайган қизнинг кемтик кўнгли машғулотлар билан чалғийди. Азизанинг эртаси учун қайғуриб, хорижда меҳнат қилаётган она фарзандининг ютуқларидан мусофир юртда қувонишга мажбур. Ҳар гал ғолиблик нашидасини волидасига қўнғироқлар, масофавиф дийдорлар орқали етказаркан, иккисининг ҳам кўзларида ёш тўхтамайди...
Етти карра Ўзбекистон чемпионлигидан сўнг халқаро турнирлар ғалабаси уни ўзига тортди. Тўғри-да, жаҳон миқёсида мамлакат шарафини ҳимоя қилишдаги ифтихон туйғусига не етсин?!
Хусусан, Сербия, Россия, Қирғизистон каби давлатларда ўтказилган йирик халқаро мусобақалардаги чемпионлик маёғи Азизага ана шу ҳисни қалбан туйиш роҳатини, ғурурини берди.
Жорий йилнинг май ойида Туркия давлатида аёллар ўртасида бўлиб ўтган бокс мусобақаси спортчимизга яна бир “жаҳон чемпиони” деган юксак шонни тақдим этди. Етмишта мамлакатдан иштирок этган 310 нафар боксчи қизлар орасида фахрли 3-ўринни эгаллаган Азизахон Якубовани Андижонда катта тантана билан кутиб олдилар. Бу ғалаба замирида тинимсиз меҳнат, қаттиқ талабчалик асосидаги машғулотлар ҳамда ғолибликка бўлган қатъий ишонч бор эди.
Навбатдаги мазкур ғалаба Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан тақдим этилган уч хонали уй ҳадяси билан яна-да кўркамлашди. “Сени менинг қизимсан! Бир ота ўз қизига нима бера олиши мумкин бўлса, барчасига сенинг отанг сифатида тайёрман!” деди Шуҳратбек Абдураҳмонов Азизанинг ютуқларидан фахрланаркан.
Айни вақтда чемпион олдинда турган янги халқаро турнирларга астойдил тайёрланмоқда. Янги-янги ютуқлар сари қадамлари дадил.
Зилола РАҲМОНОВА.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган сурат.
