Атрофга назар

Шахмат - ақллилар ўйини


30.10.2024   463

Фарзандларим бўш қолди дегунча шахмат ўйнашади. Мактаб тўгаракларидан ўрганишибди. Авваллари ҳеч қизиқмасдим. Болажонларни бир-бирлари билан рақобатлашгани, ўйин давомида узоооқ фикр қилиб, дона суришини кўриб, ушбу ўйинга бирмунча қизиқиб қолдим.

Ҳақиқатда, шахмат жозибадор, шу билан бирга ўзида сеҳр жамлаб олган такрорланмас ўйин. Қандай фигура бўлишингдан қатъи назар, хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ фил, якунида борадиган йўл номаълумлигича қолаверади.

Худди ҳаёт йўлларига ўхшайди.

Шахмат ҳақида қизиқиб, нейро тармоққа юзландим. Сунъий интеллект у ҳақда ажойиб маълумотлар тақдим этди.

✓ Шахмат (форсча: шоҳ мот — „шоҳ ўлди“) — икки кишилик мантиқий ўйин. Ўйиндан мақсад — рақиб шоҳини мот қилиш . Бу ўйин 64 та катакли тахтада 32 та фигура ёрдамида ўйналади.

✓ Дунёнинг Энг Қадимги Ўйинларидан Бири - Шахмат ўйини милоддан аввалги 6-асрларга бориб тақалади ва Ҳиндистонда «Чатуранга» деб номланган ўйиндан келиб чиққан.

✓ Шахмат тахтаси 64 квадратдан иборат (8х8) ва ҳар бир ўйинчи 16 дона (1 шоҳ, 1 фарзин, 2 фил, 2 от, 2 тўп ва 8 пиёда) билан ўйнайди.

✓ Шахматда ҳар бир ўйин давомида миллионлаб турли хил позициялар пайдо бўлиши мумкин. Бу кучли стратегик фикрлаш ва режалаштиришни талаб қилади.

✓ Агар пиёда охирги қаторга етиб борса, у бошқа фигура (кўпинча фарзин) га айлантирилиши мумкин. Бу жараён «промоция» деб аталади.

✓ Ўзбекистон заминида1972 йилда Далварзинтепа (Сурхондарё)да олиб борилган археологик қазилмалар вақтида Кушон даври (I—II асрлар)га оид шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёб (Самарқанд)да ўтказилган тадқиқотлар чоғида VII—VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган.

Шахмат ўйини йиллар оша қизиқарли спорт турига айланиб, ҳозирда бутун дунё катта қизиқиш билан кузатиб келаётган ўйинлардан бирига айланди. Айниқса, юртимизда ҳам шахмат чемпионлари кўпаяётгани, шахмат юрти бўлган Ҳиндистон ўйинчиларини ҳам мағлуб қилаётган гроссмейстерлар етишиб чиқаётгани қувонарли.

1992 йилда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси жаҳон шахмат олимпиадасида 2-ўринни эгаллади, 1999 йилда эса Осиё чемпионатида ғалаба қозонди. 1998 йилда Иброҳим Ҳамроқулов ўсмирлар ўртасида жаҳон биринчилигида ғолиб чиқди. Рустам Қосимжонов 1998 йилда Осиёнинг биринчи, 2004 йилда эса жаҳоннинг 17-чемпиони бўлди.

Бу йил бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Олимпиадани дунёнинг 189 давлати орасида бронза билан якунлади.

Қизларимиз эса жамоавий баҳсларда 12-ўринни эгаллаган ҳолда ўзбек аёллари шахматида тарих ёзишди.

Сўнгги пайтлар вилоятимизда дунё спортига эшик очилиб, уни юксак савияда ўтказилаётганлиги ҳам таҳсинга сазовор. Яқинда бўлиб ўтган футзал жаҳон чемпионати бунга яққол мисолдир.

Шунингдек, шахмат бўйича кейинги спорт мусобақалари гўзал Андижонда бўлиши ҳам кутилмоқда. Бундан биз фақат ва фақат фахр-ифтихор туямиз.

Шахмат ҳақида қизиқарли маълумотлар шу қадар кўпки, уларни бир саҳифага жамлаш мушкул. Лекин шуниси аниқки, Шахмат - ақллилар ўйини.

Моҳигул СИДДИҚОВА.