Андижонда

Шаҳар ҳаракатида янги нафас


14.02.2026   55

Вилоятимизда жамоат транспортини модернизация қилиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида навбатдаги яна бир муҳим қадам ташланди. Яқин кунларда шаҳарга яна 40 та замонавий электробус олиб келинди.

Мазкур электробуслар экологик тоза бўлиб, ҳавога зарарли газлар чиқармаслиги билан ажралиб туради. Бу эса шаҳар ҳавосини мусаффо сақлаш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини асрашга хизмат қилади. Шу билан бирга, электробуслар замонавий дизайн, қулай ўриндиқлар, кондиционер ва имконияти чекланган фуқаролар учун махсус жиҳозлар билан таъминланган.

Хўш, Андижонда транспорт соҳасидаги бу ўзгаришлар қандай қулайликларни яратяпти? Автоуловлар фаолиятидан одамларимизнинг кўнгли тўляптими? Электробуслар қандай чекловлар билан ишлайди?

Мавзу юзасидан кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб олиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Шамсиддин Усмоновга мурожаат қилдик.

  • Бугунги кунда (жорий ҳолатда) жамоат транспорти йўналишлар тармоғи қанчани ташкил қиляпти?
  • Айни вақтда тармоқ 51 та йўналишдан иборат. Асосий ташув ҳажми кўп жиҳатдан “Дамас” русумли автомобиллари ҳисобига шаклланган: жами 3 минг 720 та Дамас, 110 та автобус ва20 та микроавтобус. Шу сабабли қатновлар сони жуда юқори —кунига 55 минг 380 та қатнов, кунлик босиб ўтиладиган йўл 332 минг 554 км.ни ташкил қилади. Бунда самарадорлик жуда паст бўлиб,асосий йўловчи оқими юқори бўлган ҳудудларда тартибсиз ҳаракатлар ва йўловчилар тушиб-чиқишларида муаммолар ечилмаяпти.
  • Мавжуд бу каби масалалар қандай бартараф этилиши йўлга қўйиляпти?
  • Таклиф этилаётган янги жамоат транспорти тармоғи билан йўналишлар сони 30 тага камайтирилади, яъни тармоқ соддалашади ва турли йўналишлар бир-бирини такрорлаш ҳолатлари камаяди. Шу билан бирга жамоат транспорти қамрови кенгаяди: тармоқнинг умумий узунлиги (бир томонга) мавжуд 231,2 км.дан 440 км.га ошади (+208,8 км). Энг муҳим ўзгариш — “Дамас” автомобилларидан тўлиқ воз кечилади: 3 минг 720 та Дамас ўрнига 589 та (535 та ўрта сиғимли ва 54 та кичик сиғимли) автобусва микроавтобус орқали ташиш ташкил этилади. Бу ўз ўрнида, қатновлар сонини 55 минг 380 тадан 6 минг 834 тагача камайтиради.

- Таклиф этилаётган жамоат транспорт тармоғининг самарадорлик кўрсаткичлари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

- Биринчидан — транспорт самарадорлиги. Кунлик босиб ўтиладиган йўл 332 554 км.дан 101 531 км.га камаяди, яъни 231 023 км. камаяди. Бу йўл тармоғига тушадиган юкламани 20% га пасайтиради. Шу билан бирга, кунлик ташиладиган йўловчилар сони 370 мингдан 414,8 минггача, яъни 44,8 минг йўловчига ошади.

Иккинчидан — ижтимоий-иқтисодий самара. Янги жамоат транспорти тизимида ижтимоий йўналтирилган тариф сиёсати қўлланилади: “Дамас” автомобилида 1 қатнов учун йўлкира 5- 7 минг сўм бўлган бўлса, автобусда 2 000 сўм бўлади. Демак, ҳар бир қатновда йўловчи 5-3 минг сўм маблағ тежалади. Ҳисобимизга кўра, кунлик “Дамас” автомобилида ташиладиган 300 000 та йўловчи автобусда ташилиши натижасида шаҳар бўйича аҳолининг кунлик транспорт ҳаражатлари кунига қарийиб 1 млрд. сўмга камаяди. Қолаверса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами - талабалар, ўқувчилар ва пенсионерлар учун 50% чегирмали ижтимоий тарифлар жорий қилиниши уларнинг транспортда ҳаракатланиш имкониятини янада оширади.

Учинчидан — экологик самара. Кунлик босиб ўтиладиган йўл (автомобиль/пробег) 231 минг км.га камайиши ёқилғи сарфи, чиқинди газлар, тормоз ва шина чанги каби майда зарралар ҳамда транспорт шовқини таъсирини пасайтиради. Натижада шаҳардаги ҳавоси сифати ва яшаш муҳити яхшиланади.

Хулоса қилиб айтганда, янги жамоат транспорти тармоғи таркибий жиҳатдан турли автоуловларга боғлиқ тартибсиз қатновлар сонини кескин қисқартиради, жамоат транспорти қамровини кенгайтиради, йўловчи оқими оширилади ва аҳолининг кунлик транспорт ҳаражатларини 1 млрд. сўмга камайтиради.

- Келгусидаги андижонликлар учун бу борада янада қулайликлар яратиш учун қандай режалар кўзда тутилган?

- Йўл ўқи бўйлаб автобуслар учун алоҳида йўлаклари ташкил этиладиган 6 та транспорт БРТ коридорларини жорий этиш, шаҳарнинг шимолий қисмидаги умумий узунлиги 36 км. бўлган12 та кўчаларни реконструкция қилиш ҳамда чорраҳаларда “ақлли” светофор бошқарувини жорий этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 5 та темирйўл кесишмаларида автомобиллар учун туннеллар қурилиши, 10 та транспорт ўтиш боғламасини ташкил қилиш ва 9 та автобуслар охирги бекатларида бурилиб олиш майдонларини қуриш тадбирлари кўзда тутилган.

****

Хулоса ўрнида таъкидлаш керак, вилоятда транспорт соҳасида амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар жамоат транспорти паркининг босқичма-босқич янгиланишига хизмат қилаётир. Янги электробусларнинг келтирилиши эса йўналишларда қатнов сифатини яхшилаш, қатнов оралиқларини қисқартириш ва йўловчиларга янада қулай шароит яратишга қаратилган.

Зилола РАҲМОНОВА

суҳбатлашди.