ШАҲРИХОНДА ЯНГИ МАДАНИЯТ МАРКАЗИ ОЧИЛДИ
06.09.2022 770
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами муносабати билан вилоятимиз туман ва шаҳарларида янги иншоотлар фойдаланишга топширилди. Шаҳрихон тумани Шерқўрғон маҳалласида қурилиб, фойдаланишга топширилган замонавий маданият маркази ҳам ана шулардан биридир.

Марказ очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳ. Дадахонов ва бошқалар мамлакатимизда маданият соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли чекка чекка ҳудудларда ҳам замонавий, барча қулайликларга эга маданият объектлари барпо этилиб, халқимизга хизмат қилаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Янги иншоотда маъмурият ҳамда тўгараклар ўтказиш учун 8 та хона, кийиниш хоналари, шунингдек, тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 300 ўринли ёзги томоша зали мавжуд. Тўгарак машғулотлари ўтказиш ҳамда томошабинлар учун зарур барча қулайликлар муҳайё қилинган.
Мазкур марказ умумий қиймати 5 миллиард 60 миллион сўмга тенг лойиҳа доирасида “Арк сервис монтаж” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан барпо этилди.
