Андижонда

ШАҲРИХОНЛИК ЁШЛАРГА “ДАМАС” БЕРИЛДИ


12.09.2022   220

Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида “Янги Ўзбекистоннинг ғолиб ёшлари” деб номланган ёшлик ва спорт байрами ўтказилди. Унда “Умид ниҳоллари – 2022” спорт мусобақалари финал босқичи ғолиб ва совриндорлари, уларнинг мураббийлари тақдирланди.

Тадбир очилишида мамлакатимизда ёшларнинг спортга бўлган қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, умидли спортчиларни излаб топиш ва маҳоратини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Айтиш жоизки, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, жорий йилда Андижон вилоятида мазкур мусобақалар юқори савияда ташкил этилди, кўплаб иқтидорли спортчи ёшларни юзага чиқарди.

Спортнинг 11 тури бўйича ўтказилган “Умид ниҳоллари – 2022” спорт мусобақаларида 200 минг нафарга яқин ўқувчи-спортчилар қатнашди. Уларнинг 509 нафари фахрли ўринларни эгаллаб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди.

Тадбирда ёш спортчиларнинг юқори натижаларга эришишида туман, шаҳар ҳокимликлари, халқ таълими бўлимлари мутасаддилари ҳамда спорт мураббийларининг алоҳида хизматлари эътироф этилди.

Мусобақаларда 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган 509 нафар ёш спортчилар ноутбук, телевизор, велосипед ва спорт кийимлари билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринга сазовор бўлган Хўжаобод ва Асака туманлари вакиллари муносиб рағбатлантирилди. Биринчи ўринни қўлга киритган Шаҳрихон тумани вакилларига бош соврин – “Дамас” автомобили тантанали равишда топширилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ