Андижонда

ШАРАФЛИ ХИЗМАТЛАРИНГИЗ УЧУН ТАШАККУР, АЗИЗ УСТОЗЛАР! (1 октябрь- Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбиридан репортаж)


01.10.2022   460

Улуғ шоиримиз мавлоно Фурқат илм-маърифатни кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури, деб таърифлагани бежиз эмас, албатта. Чунончи, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Шу маънода бугун 1 октябрь- Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилаётган Андижон вилояти байрам тадбири ўзида муаллимларга бўлган юксак эътибор, чуқур миннатдорлик ва албатта буюк эҳтиромни ифода этмоқда.

"Сизга таъзим, сизга шараф" деб номланган композицион байрам тантанасини Андижон давлат университетининг қизлари ўз чиқишлари билан бошлаб бердилар. "Дўстлик" ордени соҳибаси, хушовоз хонанда Санобар Рахмонова ижросидаги "Устозлар" таронаси ҳақиқий байрам кайфиятини барчага улашиши асносида қадр ва эътиборнинг жонли ижросига айланди.

Вилоят ҳокими Шухратбек Абдурахмоновнинг табриги айтиш жоиз бўлса, андижонлик барча ўқитувчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнатлари эътирофи, шарафи ва ардоғи сифатида таассурот уйғотди. Вилоят ҳокими томонидан тақдирланган бир гуруҳ устозларнинг нигоҳларидаги мамнуният, бахт ёлқинлари машаққатли меҳнатларидан минг-минг розиликни ифода этди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг, педагоглик заҳмати ва роҳатини, буюкликнинг тамал тошини қўйгувчиларнинг касб жараёнларини акс эттирган видеоролик намойиши йиғилганларда сурур, ўзгача ҳис уйғотди.

Вилоятимизнинг тажрибали, республика, жаҳон миқёсида улкан ютуқларга эришаётган педагоглари, магистларнинг дил изҳорлари замирида ўзларига билдирилаётган юксак ишончга, яратилаётган катта имкониятларга нисбатан миннатдорлик туйғулари уфуриб турди, десак асло муболаға бўлмайди.

Тантана давомидаги мусиқий дастур вилоятимиз ҳамда республикамизнинг таниқли ва хушовоз санъаткориларнинг, санъат усталарининг бадиий чиқишлари билан куй-қўшиқларга уланди. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Аъзамжон Султонов, Муродил Ҳакимов, Жалолиддин Аҳмадалиевлар ижросидаги дилтортар тароналар байрам қатнашчиларини ҳам рақсга чорлади.

Ёш ва маҳоратли спортчиларнинг турфа йўналишлардаги чиқишлари йиғилганларга завқ бағишлади.

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган концерт дастуримушакбозлик билан ўз ниҳоясига етди. Байрам йиғилганларга завқ-шавқ улашиб, унутилмас кунга айланди.

Буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор. Демакки, уларга таълим-тарбия берувчиларнинг зиммасида улкан масъулият бор. Демакки, устозларни қадр этсак, келажак яратувчиларига талабчанлик қилган бўламиз.

Бугунги тантана айни эҳтиромнинг, эътирофнинг, ардоқнинг андижонча гўзал кўриниши бўлди.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи